Меню
Русский Ўзбекча O'zbekcha English

Тўхташ ва тўхтаб туриш қоидаларини бузганлик учун жарималар камайтирилиши мумкин

 Тўхташ ва тўхтаб туриш қоидаларини бузганлик учун жарималар камайтирилиши мумкин

Депутатлар бундай қоидабузарлик неча марта содир этилишидан қатъи назар, жаримани БҲМнинг 1 баравари этиб белгиламоқчи. Амалдаги тартибга кўра, тўхташ ва тўхтаб туриш қоидаларини бузиш БҲМнинг 3 бараваридан 10 бараваригача жарима билан жазоланади. Аввалроқ Тошкентнинг марказий кўчаларида паркоматлар ўрнатилиши маълум бўлганди.



Тўхташ ёки тўхтаб туриш қоидаларини бузганлик учун белгиланган жарима миқдорлари Ўзбекистонда жуда юқори, деб ҳисобламоқда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси аъзолари. Бу ҳақда депутат Дониёр Ғаниев хабар берди.
Қўмита таклифига асосан, мазкур ҳуқуқбузарлик учун жаримани БҲМнинг бир баравари (223 минг сўм) миқдорида белгиланиши мумкин.
Шунингдек, ҳуқуқбузарликни такроран содир этилганда, жарима миқдорини ошиши ҳам бекор қилиниши кутилмоқда.
Амалдаги қонунчиликка кўра, транспорт воситалари ҳайдовчиларининг тўхташ ёки тўхтаб туриш қоидаларини бузиши БҲМнинг 3 баравари, яъни 669 минг сўм жарима солишга сабаб бўлади. Бу ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилса, жарима миқдори БҲМнинг 5 баравари (1,1 млн сўм), учинчи мартасидан бошлаб эса БҲМнинг 10 баравари (2,2 млн сўм) миқдоригача ошади.
«Солиштириш учун, Россияда тўхташ ёки тўхтаб туриш қоидаларини бузиш ҳайдовчига 3000 рубл (тахминан 415 минг сўм), Украинада эса 510 украина гривнаси (тахминан 188 минг сўм)га тушади. Қўшни Қозоғистонда тўхтаб туриш қоидасини бузган ҳайдовчи 24 минг танга (тахминан 589 минг сўм) жарима тўласа, Қирғизистонда эса бу қоидани бузган ҳайдовчиларга нисбатан 3000 қирғиз соми (тахминан 369 минг сўм) жарима қўлланилади.
Шунингдек, бу давлатларда (Қозоғистондан ташқари) мазкур ҳуқуқбузарликни такроран содир этиш жарима миқдорини ўзгаришига сабаб бўлмайди», – деб ёзади Дониёр Ғаниев.
У автомобиллар сони тез суръатларда ошиб бораётган шароитда катта шаҳарлар марказларида автомобилларни белгиланган жойда қолдириш (парковка) муаммоси долзарблашиб бораётганини қайд этган.
«Бу масала айниқса пойтахтда яққол кўзга ташланмоқда. Шаҳарда пуллик автотураргоҳлар етишмаслиги ёки ҳайдовчилар учун қулайлик яратиш (ҳолбуки бу орқали маҳаллий бюджетга яхшигина даромад ишлаш имконияти бор) мақсадида марказий кўчаларда йўл бўйларига оддий паркоматлар ўрнатилмагани бир сабаб бўлса, белгиланмаган ёки рухсат этилмаган жойларда автомобил транспорти парковка қилингани учун «отнинг калласидек» жарималар белгилангани табиий равишда кўплаб ҳайдовчилар эътирозларига сабаб бўлмоқда», – деган депутат Дониёр Ғаниев.
Ҳозирда Қонунчилик палатасининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси аъзоси, депутат Фарҳод Ашматов МЖтКнинг 128 6-прим моддасини ўзгартиришга доир қонун лойиҳасини ишлаб чиқмоқда.
Ушбу қўмита ўтган ойда аҳолига мурожаат қилиб, йўл ҳаракати масалаларида аҳолидан таклифлар қабул қилинишини билдирган эди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳрининг марказий кўчаларида паркоматлар ташкил этилиши маълум бўлганди. Манба:Kun.uz
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech