Congue iure curabitur incididunt consequat

ҲАР КУНИМИЗ НАВРЎЗДЕК ЗАВҚЛИ БЎЛСИН!

ҲАР КУНИМИЗ НАВРЎЗДЕК ЗАВҚЛИ БЎЛСИН!

Ҳурматли ҳамшаҳарлар!

Баҳорнинг кўнгилларга завқ-шавқ бағишлайдиган бугунгидек қутлуғ кунларида сизларни халқимизнинг севимли ва эъзозли айёми – Наврўз байрами билан муборакбод этаман. Фасллар келинчаги, деб номланган баҳор мусаффолиги, беғуборлиги, таровати билан юртимизга Наврўзи оламни бошлаб келди.

Ўзида халқимизнинг энг эзгу анъаналарини, қадриятларини мужассамлаштирган бу байрам Марказий Осиё ҳудудида истиқомат қиладиган миллатлар ва элатлар томонидан минг йиллардан буён нишонланади. У айниқса мамлакатимиз мустақиллиги йилларида янги руҳ, янги мазмун билан бойиди. Унинг асрлар давомида кўплаб халқларнинг энг яхши анъаналарини ўзида мужассамлаштириб келганлиги халқаро миқёсда ҳам тан олинган. 2009 йилда Наврўз ЮНЕСКО томонидан инсониятнинг номоддий маданий мероси рўйхатига киритилди. 2010 йилда эса Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 64-сессиясида 21 мартни Халқаро Наврўз куни, деб белгилаш ҳақида резолюция қабул қилинди.

Бу байрамни янгиланиш куни, дилларга фарах бахш этувчи дам сифатидаги таърифу таснифи Шарқнинг буюк алломалари томонидан қайта-қайта ёзиб қолдирилган. Абу Райҳон Беруний, Ибн Сино, Умар Ҳайём, Алишер Навоий Наврўз ҳақида асрлар оша яшаб келаётган ўлмас сатрлар битишган. Ҳазрати Навоийнинг “Ҳар тунинг Қадр ўлубон, ҳар кунинг ўлсун Наврўз” деган сатрлари бу куннинг нақадар эъзозли эканлигидан далолат бериб турибди.

Халқимиз азал-азалдан она-заминга чексиз меҳр, алоҳида муҳаббат ва садоқат билан муносабатда бўлиб келган. Ана шундай эъзоз ва эътибор айниқса баҳорда, табиат кўркамлашаётган, ўзгача малоҳатга бурканаётган дамларда яққол кўзга ташланади. Ҳар тарафда яшариш ва янгиланиш нафаси уфуриб турибди.

Бутун юртимизда бўлгани сингари  шаҳримизда Наврўзни муносиб қаршилаш учун кенг миқёсдаги ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишлари бажарилди. Жорий йилда бу борадаги тадбирлар кўлами ҳар галгидан каттароқ бўлди. Мустақиллигимизнинг 26 йиллигига ҳар бир ёшга бир ниҳол дарахт кўчати ўтқазишга чорловчи ташаббус барча корхона, ташкилот, муассаса, маҳалла фуқаролар йиғинлари томонидан кенг қўллаб-қувватланмоқда. 11-12 март кунлари ўтказилган шанбалик бунинг далили бўлди.

Азиз дўстлар!

Бундай файзли кунларда ёшу қари юрагида меҳр-мурувват, саҳоват туйғулари жўш уради. Ана шу покиза ҳислар сизларни йил давомида тарк этмасин. Барчангизни яшариш ва янгиланиш дамлари – Наврўз байрами билан қизғин табриклайман. Бу айём ҳар бир хонадонга хурсандчилик ва барака олиб келишига тилакдошман. Наврўзингиз қутлуғ бўлсин, ҳурматли ҳамшаҳарлар!

М.БАЗАРОВ,

Зарафшон шаҳар ҳокими.

скачать dle 11.1смотреть фильмы бесплатно

Ўхшаш янгиликлар