Congue iure curabitur incididunt consequat

Зарафшоннинг тикланиши шундай бошланган эди

Сувсизликдан қақраб ётган саҳро бағрида шаҳарнинг ва унинг атрофида саноат корхоналарининг барпо этилиши, тикланиши тарихи ўнлаб касб вакилларининг шижоатли ҳамда жасоратларга тўла фидокорона меҳнатлари эвазига бўлган десак адашмаймиз. Юқорида айтганимиздек, 1958 йилда Мурунтов атрофидан жуда катта заҳирага эга олтин кони топилганлиги ҳақида Ўзбекистон ҳукуматига маълум қилингандан сўнг бу ерга ушбу соҳанинг нуфузли вакилларидан иборат комиссиялар келди. Мутахассислар ёрдамида атрофни роса ўрганишди. 1964 йил 25 майда Ўзбекистон Республикаси ҳукуматининг “Мурунтов кони базасида олтин ишлаб чиқарувчи корхонани қуриш ҳақида”ги қарори қабул қилинди. Ушбу вазифани бажариш учун Навоий кон-металлургия комбинати жамоаси олдига аниқ вазифалар қўйилди. Яъни, бўлғуси шаҳарни барпо этиш учун жой танлаш, у ерда турар-жой  мажмуаларини барпо этиш, олтин ишлаб чиқарувчи завод биноларини тиклаш, Амударёдан янги сув қувурларини тортиб келиш, Навоий-Учқудуқ йўналиши бўйича ўтадиган электр линиясидан ЛЭП-220 кВТли тармоқни шаҳарга улаш, темир ва автомобиль йўлларини қуриш шулар жумласидан эди.

 

1964 йилнинг октябрь ойида Қизилқудуқ темирйўл станциясидан ўттиз километр узоқликда жойлашган бўлғуси шаҳар майдонларини кўриш учун Ўзбекистоннинг ўша пайтдаги раҳбарлари, собиқ иттифоқ ўрта машинасозлик вазири Е.П.Славский, Навоий кон-металлургия комбинати директори З.П.Зарапетян, Ўзбекистон геология вазири Ҳ.Т.Тўлаганов ва бошқа масъул шахслар келишди. Бу нуфузли комиссия  турар-жой қўрғонини ва олтин ажратиб олинадиган заводни қаерларга жойлаштириш мумкинлигини муҳокама этиб, шаҳарчани Суғрали дарасида, яъни олтин ажратиб олинадиган заводдан ўттиз километр узоқликда тиклашга қарор қилди. 2-ГМЗни эса Бессопан тоғ ён бағрларида қуришга келишиб олинди. Заводга яқин жойда ёки унга туташ ҳудудларда турар-жой биноларини умуман тикламасликка, ишчилар ва бошқа мутахассисларни автомобиль ҳамда темирйўл транспортида ташишга қарор қилдилар. Қурилиш-монтаж ишларини амалга ошириш, бу ерга келаётган машина, турли механизмлар ҳамда қурилиш материалларини қабул қилиш учун янги ташкилот тузилди. Унга раҳбар этиб, Ю.В.Цыков тайинланди. Навоий кон-металлургия комбинати меҳнат жамоалари олдига бу ерда қурилиш индустрияси базасини тиклаш, автомобиль транспорти, махсус монтаж ишлари бошқармаси, тош майдаловчи завод ва қисқа муддатда қирқ минг киши яшашга мўлжалланган шаҳарни бунёд этиш вазифаси қўйилди.

Қурувчилар ва монтажчилар жамоалари бу масъул вазифаларни бажариш учун катта суръатларда меҳнат қилишди. Фақат 1965 йилнинг ўзида иккита бетон қоришмалари тайёрлайдиган корхоналарнитиклашиши ниҳоясига етказилди. Икки минг ишчига мўлжалланган турар-жой зоналари тикланди. 1220 миллиметр диаметрга эга бўлган сув қувурларини Амударё бўйидаги Сазакино (ҳозирги Саримой) қўрғонидан тортиб келишга киришилди. Ана шу муддат ичида қурилиш объектларини сув билан таъминлаш учун Томдибулоқ-Зарафшон йўналишида вақтинчалик сув қувурлари олиб келинди. Қизилқудуқдан “Янги Зарафшон” станциясигача темир йўл ётқизилди. 1965 йил март ойида учта қирқ хонадонли турар-жой биноларини тиклаш учун ҳужжатлар ва лойиҳалар олинди. Ўша йилнинг декабрь ойида эса бу уйларнинг бири фойдаланишга топширилди. 

1966 йилга келиб турли бинолар ва корхоналар қурилиши янада тезлашди. Чунки бу пайтда лойиҳа-смета ҳужжатларининг катта қисми олинган, корхона ҳамда турар-жойларни тиклашда меҳнат қилаётган ишчилар сони бир неча минг кишига етган эди. Ана шундай омиллар ўзининг ижобий натижасини берди. Қурувчи ва монтажчиларнинг саъй-ҳаракатлари билан ўша йили 568 хонадонли 14 та турар-жой бинолари, 1300 ўқувчига мўлжалланган мактаб, ўнта сотувчи хизмат кўрсатадиган магазин, 350 та автомашинани қабул қилишга қодир автобаза, 120 минг куб метр ҳажмдаги тошни майдалайдиган завод ва бошқа кўплаб ташкилотлар, корхоналар қуриб битказилиб, ишга туширилди. Буларнинг барчаси 1967 йилда маъдандан олтин ажратиб оладиган завод мажмуасининг қурилишига киришиш имконини яратди. 1967 йил 14 майда 2-ГМЗнинг асосий биноси пойдеворига илк шағал ётқизилди ва ушбу улкан заводни барпо этиш ҳам айнан ана шу кундан бошланди.

Навоий кон-металлургия комбинати жамоасининг умумий йиғилишида заводни қуриб, фойдаланишга топшириш 1969 йил мўлжалланаётганлиги ҳақида мурожаатнома қабул қилинди. Қурувчилар ва бошқа соҳа ходимлари заводни тиклаш учун табиатнинг барча инжиқликларига (ёзда қум бўронлари, қишда эса 30-40 даражага етадиган изғирин совуқ, ичимлик сувининг ниҳоятда камлиги) қарамай  фидокорона тер тўкдилар.

1967 йил декабрь ойида Навоий кон-металлургия комбинати тизимида Зарафшон қурилиш бошқармаси ташкил этилди. Ушбу бошқармага Зарафшон шаҳрини тиклаш ва саноат объектларини барпо этиш билан бирга Амударё-Зарафшон сув ўтказгичини қуриш, фильтрлаш станцияларини, қурилиш индустрияси базаларини тиклаш ҳам топширилган эди. Шаҳар ҳамда олтин заводи қурилишида ишлаётган минглаб одамларга мунтазам ғамхўрлик қилиниши, уларнинг фарзандларини боғчаларда тарбияланиши, мактабларда ўқиши учун шароит яратиб берилиши натижасида бунёдкорлик ишлари янада тезлашди.

Ўша йили шаҳарда савдо марказини фойдаланишга топшириш маросими бўлди. У ерда ўн икки сотувчи аҳолига хизмат кўрсатадиган озиқ-овқат магазини, бир йўла саксон киши овқатланадиган ошхона, уч юз ўринли кинотеатр фаолият кўрсата бошлади. 1969 йил 30 май куни шаҳарнинг барча аҳолиси ва геологлар қўрғонларидан келган кишилар Амударё-Зарафшон йўналишида ётқизилган қувурлардан шаҳарга келтирилган сувни тозалаб берадиган станция ёнида тўпландилар. Ушбу станция олдидаги ускуналарнинг мурватлари бураб очилгач, трубалардан катта босимдаги сувлар тозалаш станциясига келиб қуйила бошлади ва бу сувнинг бир қисми Суғрали сойининг ичида барпо этилган кўлга ҳам ўтиб, унитўлдира бошлади.

1969 йилнинг 30 июни зарафшонликлар учун бир умр эсдан чиқмайдиган санага айланди. Ана шу куни Марказий кон бошқармаси директори С.Н.Витьковскийнинг иш кабинетида йиғилган Давлат ва ишчи комиссиялари аъзолари 2-ГМЗ заводининг бинолари ва ундаги қурилмаларни фойдаланишга топшириш ҳақидаги ҳужжатга имзо чекдилар. Етти юз кундан ортиқроқ вақт давомида минглаб ишчилар ва инженер-техник ходимларнинг қилган фидокорона меҳнатлари эвазига дунёдаги энг катта олтин заҳирасига эга бўлган конлардан бири – Мурунтов карьери ҳамда ундан олтин ажратиб оладиган завод фойдаланишга топширилди. Ўша куни корхонанинг очилишга келган минглаб кишилар 9999 тамғали биринчи олтин қуймасини кўрдилар. Бугун республикамизнинг энг йирик саноат корхоналаридан бири ҳисобланмиш 2-ГМЗ заводи шу тариқа барпо этилган эди.

скачать dle 11.1смотреть фильмы бесплатно

Ўхшаш янгиликлар