Congue iure curabitur incididunt consequat

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Қашқадарё вилоятига ташриф буюрди

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Қашқадарё вилоятига ташриф буюрди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жойларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши билан яқиндан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида 24 февраль куни Қашқадарё вилоятига ташриф буюрди. 


Қашқадарё вилоятининг иқтисодий салоҳияти улкан. Бугунги кунда мамлакатимизда қазиб чиқарилаётган табиий газнинг 70 фоизи, нефтнинг қарийб 78 фоизи, газ конденсатининг 80 фоизи, ғалланинг 13 фоиздан ортиғи, пахтанинг 14 фоиздан зиёди ушбу вилоят ҳиссасига тўғри келади. 

Вилоятда саноат изчил ривожланмоқда. Ялпи ҳудудий маҳсулотда бу соҳанинг улуши 38 фоизни ташкил этаётгани ҳам шундан далолат беради. “Шўртан нефть-газ”, “Муборак нефть-газ” корхоналари, “Шўртан газ-кимё" мажмуаси, Муборак газни қайта ишлаш заводи, Деҳқонобод калийли ўғитлар заводи, Толлимаржон иссиқлик электр станцияси, “Ҳисор нефть-газ” каби йирик ишлаб чиқариш қувватлари мамлакатимиз саноатининг локомотивлари ҳисобланади. 

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳаси ҳам жадал ривож топмоқда. Бугунги кунда ялпи ҳудудий маҳсулотнинг 51,6 фоизи кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасида ишлаб чиқарилмоқда. Меҳнат билан банд аҳолининг қарийб 80 фоизи шу тармоқда даромад топмоқда. 

Қишлоқ хўжалигида мўл ҳосил етиштирилмоқда, таркибий ўзгартиришлар давом эттирилмоқда. Сўнгги беш йилда 3 минг 200 гектар пахта майдони қисқартирилиб, картошка, мева-сабзавот ва полиз экинлари етиштириш йўлга қўйилган. Охирги уч йилда фермер хўжаликларининг 22 фоиздан зиёди кўп тармоқли хўжаликка айлантирилган. 

Барча соҳаларда амалга оширилаётган ана шундай ислоҳотлар натижасида кейинги беш йилда ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 2 баробар ошган, ҳудудий экспорт ҳажми 100 миллион долларга етган ва 2011 йилга нисбатан 2,5 баробар кўпайган. 

Бундай ўсиш суръатлари одамларнинг турмуш шароитида, вилоятдаги шаҳар ва қишлоқлар қиёфасида намоён бўлмоқда. 

Биринчи Президентимиз раҳбарлигида Қарши ва Шаҳрисабз шаҳарларида амалга оширилган улкан бунёдкорлик ишлари бу икки қадимий шаҳар қиёфасини тубдан ўзгартириб юборди. Қарши шаҳрининг ҳудуди 9 минг гектардан 17 минг гектарга, Шаҳрисабз шаҳрининг ҳудуди 3 минг 300 гектардан 4 минг 900 гектарга кенгайтирилди. 

Мустақиллигимизнинг 25 йиллик тўйи нишонланган 2016 йилда Қашқадарё устидаги қадимий Амир Темур кўприги реконструкция қилиниб, дарёнинг икки қирғоғида Қарши аҳли ва меҳмонлар дам оладиган сўлим масканлар барпо этилди. Тошкент – Қарши йўналиши бўйича юқори тезликда ҳаракатланувчи “Afrosiyob” тезюрар электр поезди қатнови йўлга қўйилди. 

Шавкат Мирзиёев ўзининг сайловолди дастурида бу борадаги ишларни изчил давом эттириш, мамлакатимизнинг барча ҳудудлари қатори Қашқадарё вилояти ривожини ҳам янги босқичга кўтариш бўйича улкан режа ва мақсадларни баён этган эди. Президентимиз Қашқадарёга ташрифи давомида ана шу режалар ижроси, амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари ва истиқболли лойиҳалар билан танишиши кўзда тутилган. 

 

Манба: uza.uz

скачать dle 11.1смотреть фильмы бесплатно

Ўхшаш янгиликлар