Меню
Русский Ўзбекча O'zbekcha English

Зарафшон шаҳри ривожи учун “йўл харитаси” ишлаб чиқилди

Туман ва шаҳарларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш даражасини баҳолашнинг рейтинг кўрсаткичлари натижасига кўра Навоий вилояти Зарафшон шаҳри «ўрта» ҳудуд деб қайд этилган эди.
Халқ депутатлари шаҳар кенгашининг навбатдаги XIII сессиясида шаҳар ҳокими Анвар Раджабов ҳудудни «ўрта» ҳудудлар рўйхатидан олиб чиқиш бўйича «Йўл харитаси» ишлаб чиқилганлигини маълум қилди.

Таъкидланганидек, иқтисодий ривожланиш ва самарадорлик кўрсаткичлари бўйича ҳудудий саноат маҳсулотлари ҳажми 2019 йилда 229 миллиард 589 миллион сўмни ташкил қилиб, аҳоли жон бошига 2 миллион 763 минг сўмга тўғри келган бўлса, бу кўрсаткич вилоят саноатидаги улуши 0,6 фоизни ташкил этган. Жорий йил якунига қадар шаҳардаги қиймати 11,5 миллиард сўмлик 13 та ҳамда ҳудудий лойиҳалар доирасида қиймати 1,1 миллиард сўмлик 3 та саноат лойиҳаларини ишга тушиши натижасида ҳудудий саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми ўтган йилга нисбатан 145,5 фоизга (334 миллиард сўм) ўсиши, аҳоли жон бошига эса 4 миллион сўмдан тўғри келиши кутилмоқда.

Шунингдек, шаҳарнинг инвестиция ҳажми 871 миллиард сўм, тўғридан-тўғри инвестиция 25 миллион долларга, чакана савдо айланмаси 650, хизматлар ҳажми 600 миллиард сўмга ўсиши кутилмоқда.

2019 йилда экспорт ҳажми 1 миллион 587 минг долларни ташкил этган бўлса, ушбу йўналишда шаҳардаги 10 та корхоналарни экспорт фаолиятига жалб этиш эвазига жорий йилнинг 9 ойи давомида жами 2 миллион 611 минг АҚШ долларлик маҳсулотлар экспорти амалга оширилди.

Ҳокимнинг таъкидича, мавжуд маҳаллий минерал-хом ашё базасини инобатга олиб янги ер майдонларда йирик инвестиция лойиҳалари ташкил этилса, айрим ҳисоб-китобларга кўра Зарафшон шаҳрида яқин 3-5 йил ичида 12 минг нафар янги иш ўринлари яратилади. 100 га яқин уй-жойлар қурилади, 20 минг нафар аҳоли уйлик бўлади, хизмат кўрсатиш ва қурилиш соҳаларининг ўсиш суръатлари кескин ошади. Шунингдек, яқин 5-10 йил ичида эса йирик инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилиши шимолий ҳудуднинг янги иқтисодий драйвери сифатида эътироф этилади.

Ҳудудни 2020-2021 йилларда комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш орқали “ўрта” ҳудудлар қаторидан чиқариш бўйича “йўл харитаси” депутатлар ва жамоатчилик иштирокида муҳокама этилди.

Сессияда шаҳар прокурори, иккинчи сектор раҳбари Ш.Ҳайдаров, шаҳар ИИБ бошлиғи, учинчи секто раҳабари Ф.Эргашев ҳамда шаҳар Давлат солиқ инспекцияси бошлиғи, тўртинчи сектор раҳабари А.Ахмедовлар ҳам йўл қўйган камчиликлари юзасидан аҳолига мурожаат қилди ва қисқа фурсатда мавжуд камчиликлар бартараф этилиши таъкидланди.

Шунингдек, сессия ишида маҳалла фуқаролар йиғинида ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш ҳамда мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этиш тўғрисидаги, шаҳарда аҳоли бандлигини таъминлаш ва ижтимоий қўллаб-қувватлашга доир вазифалар ижроси тўғрисидаги масалалар ҳам кўриб чиқилди.
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech