Меню
Русский Ўзбекча O'zbekcha English

Зарафшонликлар Навбаҳор ва Кармана туманларида қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштиради

Дунёнинг барча мамлакатлари сингари Ўзбекистонда ҳам коронавирус пандемияси хавфидан ҳимояланиш, молиявий инқирозга қарши барча чора-тадбирлар эълон қилинди.

Жумладан, давлатимиз раҳбарининг мурожаатларида ҳам фуқароларнинг уйда қолиб, карантин қоидаларига риоя этган ҳолда фарзандлар тарбияси, шунингдек, томорқа маданиятидан самарали фойдаланиши зарурлиги алоҳида таъкидланди.

Табиийки, баҳор фасли ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш юмушларини амалга ошириш билан бир қаторда, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экиш ва парваришлаш учун муҳим палла саналади. Айни пайтда юртимиз аҳолисини озиқ-овқат ва полиз маҳсулотлари билан таъминлаш долзарб вазифалардан бири саналади. Бу эса қишлоқ жойларда аҳоли бандлигини таъминлаш, маҳаллий бозорларни қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан таъминлаган ҳолда юртдошларимизнинг маҳсулотларга бўлган эҳтиёжини қондиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Маълумки кончилар шаҳри – Зарафшонда айни чоғда 83 минг нафардан ортиқ турли миллат вакиллари истиқомат қилади. Ҳудудда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етишитириш учун ер майдони танқислиги мавжуд. Шу сабабли вилоят ҳокимининг ташаббуси билан Навбаҳор ва Кармана туманларидан жами 205 гектар ер майдони ажратилди. Ҳозирда иккала ҳудудда ҳам Зарафшон шаҳар ҳокими Анвар Раджабов бошчилигида зарафшонлик мулкдорлар томонидан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш, янги боғлар барпо этиш ишлари жадал суратларда олиб борилмоқда.

– Хусусан, Навбаҳор туманининг “Қоражон” маҳалла фуқаролар йиғинида ажратилган мавжуд 105 гектар майдонда полиз, сабзавот ва дуккакли экинлар парвариши ҳамда ер майдонини ўзлаштириш учун 4 та ер ости қудуқлари барпо этилмоқда. Бу эса мазкур ҳудуддаги баҳорий юмушларнинг бошлаб юборилганидан далолатдир. Кармана туманининг “Малик” МФЙ ҳудудида ажратилган 100 гектар ер майдони ҳам экиш ишларига тайёрланмоқда. Бу ерда ҳам қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш, янги боғлар барпо этиш ишлари уюшқоқлик билан олиб борилаяпти, – дейди шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати раҳбари Умид Худойқулов.

Албатта, юртимиз равнақи, халқимиз дастурхони тўкинлиги йўлида олиб борилаётган бу каби саъйи-ҳаракатлар энг аввало, юртдошларимиз манфаатига хизмат қилиши билан аҳамиятлидир. Шу билан бирга, мамлакат ички бозорини арзон ва сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашда муҳим ўрин тутади. Шунингдек, жаҳон бозорида ҳам экспорт салоҳиятини мустаҳкамлашда беқиёс аҳамият касб этади.

Абдували Бўриев

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech