Меню
Русский Ўзбекча O'zbekcha English

ОИЛАВИЙ АЖРИМЛАР: КАЛАВАНИНГ УЧИ КИМНИНГ ҚЎЛИДА?

ОИЛАВИЙ АЖРИМЛАР:
 КАЛАВАНИНГ УЧИ КИМНИНГ ҚЎЛИДА?
Бир оила бузилиши сабабли кўплаб кишиларнинг ўрталарида душманчилик пайдо бўлади. Шунинг учун ҳам Шайтонни энг хурсанд қиладиган иш — оила бузилишидир. Бу ҳақда ҳадисда шундай келади: Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Иблис ўз тахтини сув устига қуради ва ўз лашкаридан гуруҳларни юборади. Уларнинг энг кўп фитначиси, унга энг яқинидир. Бириси келиб “ундоқ қилдим, бундоқ қилдим” дейди. У бўлса “ҳеч нарса қилмабсан!” дейди. Кейин бошқа бири келиб “уни қўярда қўймай хотини билан орасини буздим” дейди. У эса ўшани ўзига яқинлаштириб “Ҳа! Балли! Қандай ҳам яхшисан!” дейди”, дедилар (Имом Муслим ривояти).
Ҳа, рўйи заминда бир никоҳ бузилганда Арши аъло ларзага келади... Афсуски, судга ажрим учун ариза топшираётган эр-хотиннинг танлаган қарори ҳам ўзига, ҳам жамиятга, айниқса, унинг сафига энди қўшилган кичик ёшдаги фарзандининг тақдирига салбий таъсир қилади. 
Оилавий ажримлар масаласи бугун ё кечанинг гапи эмас. Бу хусусда қоғоз қораланмаган гап, уни чоп этмаган газета, мавзу борасида тайёрланмаган кўрсатув қолмади. Афсуски, мурғак қалбнинг тирик етим бўлиши замонавий жамиятда одатий ҳолга айланиб бормоқда.          
Рақамларда акс этган ҳаёт…
Шарқ мамлакатлари тажрибасига таянадиган бўлсак, келинга ҳам, куёвга ҳам қўйиладиган талаблар жуда юқори. Бунинг устига аёлнинг ҳақ-ҳуқуқлари қатъий белгилаб қўйилган. Хонадонда “келин хизмат қилиши керак, ойлигини қайнонаси ва ёки қайнотасига бериши шарт, деган тушунчалар умуман йўқ. Ушбу тамойиллар эртага оиланинг ажралиш ёқасига келиши ҳар икки томон учун ҳам қаттиқ ижтимоий ва молиявий зарба бўлишини жуда яхши билишади. Бизда-чи? Аксарият ажримлар айнан мана шундай майда-чуйда, беъмани шартлардан келиб чиқаётгани бор ҳақиқат.
Минг афсуски, учинчисига, тўртинчисига, бешинчисига ҳам тўй-томоша қилиб қиз бола келин олаётган оилалар ҳар бир ҳудудда учрайди (келин топилаверганига ҳам хайрон бўласан киши). Бунинг устига, ҳар бир қурган оиласидан бир, икки нафар фарзанди борлари ҳам йўқ эмас. Эртага, албатта, алимент, никоҳ ажрим масалаларида бу оилаларда жанжал, чигал вазият юзага келиш эҳтимоли юқори. Бу эса жондан азиз қизларимизга “арзон”, деган тамғани босиш эмасми? Ахир зарнинг қадри унинг ноёблигида, ҳа, деганда топилавермаслигида эмасми?
Тан олиб айтиш керакки, оилавий ажрим масаласи ҳозирги куннинг энг оғриқли нуқтасидир. Шаҳримизда ҳам йил давомида 100 та ажрим қайд этилиб 83 нафар фарзанд ота меҳридан ажралиб, тирик етим деган тамғани олган. Ушбу кўрстакични таҳлил қиладиган бўлсак, ҳудуддаги ҳар минг оилага нисбатан қуйидагича эканлигини кўриш мумкин:
“Кончилар” МФЙда 2112 та оила – 15 та ажрим (ажрим фоизи 7,1%),
 “Даугизтау” МФЙда 601 та оила – 4 та ажрим (ажрим фоизи 6,7%),
 “Қурувчи” МФЙда 2140 та оила – 12 та ажрим (ажрим фоизи 5,6%),
 “Ёшлик” МФЙда 3020 та оила – 16 та ажрим (ажрим фоизи 5,3%),
 “Юлдуз” МФЙда 1405 та оила – 7 та ажрим (ажрим фоизи 5,0%),
 “Янги Зарафшон” МФЙда 1248 та оила – 6 та ажрим (ажрим фоизи 4,8%),
 “Алишер Навоий” МФЙда 2343 та оила – 10 та ажрим (ажрим фоизи 4,3%),
 “Олтин водий” МФЙда 2165 та оила – 8 та ажрим (ажрим фоизи 3,7%),
 “Наврўз” МФЙда 1945 та оила – 6 та ажрим (ажрим фоизи 3,1%),
 “Мурунтау” МФЙда 1012 та оила – 3 та ажрим (ажрим фоизи 3 %),
 “Баҳор” МФЙ 1427 та оила - 4 та ажрим (ажрим фоизи 2,8%),
 “Тинчлик” МФЙда 2153 та оила – 5 та ажрим (ажрим фоизи 2,3%),
 “Геолог” МФЙда 2102 та оила – 4 та ажрим (ажрим фоизи 1,9%). 
Ажримларни камайтириш учун нима қилиш керак?
Яшаб турган жамиятимиз учун бир дона ажрим ҳам кўп аслида. Чунки ҳар бир рақам остида минглаб тақдирлар яширин. Бу мақоламизда ажримлар сонини камайтириш учун тарғибот ва тушунтириш ишларини кўпроқ олиб бориш керак, деган фикрларни билдирмадик. Биз масаланинг яна бир томонига тўхталмоқчимиз.
Шаръий никоҳ билан яшаш ҳолатлари кўпаяётганининг асосий сабаби — ажримларнинг кўплигида. Бу икки масала эса бир бири билан чамбарчас боғлиқ. Чунки ажрашиб уйланганлар ажрим узоқ жараён эканлиги учун иккинчи никоҳни деярли қонунийлаштиришмайди. Бундан ташқари, ажралишаётган оилаларнинг аксарияти судда ёки ФҲДЁ бўлимларида ўзаро келиша олишмайди.
Бизнингча, ажримларни жамиятда камайтириш учун асосий эътиборни никоҳга қаратиш лозим. Унинг қадр-қимматини имкон қадар ошириш лозим. Нега? Чунки бизда никоҳ арзон-гаров бўлиб қолган. Асосий эътибор тўй ва тўйгача бўлган маросимларга қаратилади. Маросимлар биринчи ўринга қўйилади. Ким нимага қийинчилик билан эришса, уни шунчалар қадрлаши табиий, албатта. ҳозирда эса ўзимизнинг шахсий орзу-ҳавасларимиз туфайли ёшларимизга никоҳ ва келин бўлмишни осонгина бериб қўяётгандекмиз. Шарқ мамлакатларининг кўпчилигида эса келинпошша ҳам, никоҳ ҳам қиммат. Масалан, Туркия, Япония, Хитой, араб мамлакатларида келинни уйга олиб киришнинг ўзи бўлмайди. Унгача қанча шартлар бажарилиши керак… Аввало, қизга қалин пули — ҳисоб рақамига маълум бир йирик миқдордаги пул маблағи ўтказилади. Келинни келажакда асраб-авайлашга, у билан бирга бахтли ҳаёт кечириб кета олишига яқинлари ва оила аъзолари ишонч ҳосил қилиши керак. Бизда эса куёвнинг уйига келинпошша ҳамма нарсасини — куёвнинг тўшагигача, қўл ювадиган, кир ювадиган машинасигача елкалаб боряпти. Афсуски, бу одатлар жамиятимизда ҳали ҳам тўлиқ йўқ бўлиб кетгани йўқ. Халқона тил билан айтганда, “бизда қиз арзон”.  Туркияда эса соқолига оқ оралаган бўлса ҳам уйланмай юрганлар қанча?! Чунки, турмуш ва никоҳ қанчалар жиддий масала эканлигини, эркакка ҳам аёлга ҳам қанчалар масъулият юкланишини яхши билишади. Шунинг учун ҳам улар уйланишдан кўра ажримдан кўпроқ ўйга толишаркан.
Халқимизда “Бир кун жанжал чиққан уйдан қирқ кун барака кетади”, деган мақол бор. Баракаси, хотиржамлиги ариган оилада эса тинчлик, фаровонлик бўлмайди. Бир оиланинг равнақи мамлакат тараққиётига дахлдор экани ҳам шундан.
Хулоса ўрнида шуни айтиш лозимки, жамиятимизнинг келажаги оилаларнинг мустаҳкамлигига боғлиқ. Оила никоҳ асосида вужудга келадиган фароғат маскани бўлмоғи даркор. Уни юритишда илоҳий таълимотларга амал қилинадиган бўлса, у ҳақиқатда мустаҳкам ва бардавом бўлади. Бу борада ҳар биримиз бир ёқадан бош чиқариб, оилаларнинг мустаҳкамлиги, жамиятимизнинг соғломлиги ҳамда фарзандларимизнинг порлоқ келажаги йўлида ўстираётган ўғил-қизларимизга тўғри тарбия бериб бормоғимиз лозим.
Учқун ОЧИЛОВ,
Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш 
бўлими бошлиғи,
 халқ депутатлари шаҳар Кенгаши депутати.
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech