Меню
Русский Ўзбекча O'zbekcha English

Зарафшон шаҳар ҳокими Назирбек Рахмановнинг Янги йил муносабати билан Зарафшон халқига байрам ТАБРИГИ

Зарафшон шаҳар ҳокими Назирбек Рахмановнинг Янги йил муносабати билан Зарафшон халқига байрам 
ТАБРИГИ
Ҳурматли ҳамшаҳарлар!
Саноқли кунлардан сўнг юртимизга 2023 йил кириб келади. Ҳар гал Янги йилни ёш-у қари яхши ниятлар, самимий орзулар билан кутиб олади. Бу табиий. Чунки, кўнгли пок одамлар эртанги кунга ишонч билан қарашади. Уни умид билан қаршилайди. Бундай пайтларда ҳар бир киши тарихга айланиб бораётган яна бир йилни сарҳисоб қилади, келгусига режалар тузади.
Ўтаётган ҳар бир кунимиз, ҳар бир лаҳзамиз сизу бизни тобора Янги йил остонаси томон етакламоқда. Кумуш қишнинг оппоқ фусункор таровати юртдошларимиз қалбини оқликка, покликка буркаб, барчамизнинг кўнглимизда янги йилда янгича орзу-ҳавас, янгича шижоат ва янгича ташаббусларни уйғотади. Шундай экан, мен, аввало, Сиз азизларни, сизлар орқали бутун шаҳримиз халқини кириб келаётган янги 2023 йил билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман. 
Аҳолининг фаровон турмушини таъминлаш борасидаги ишларимиз самараси ўлароқ, жорий йилда анчадан бери фойдаланилмай келинаётган “Аквапарк” қайта таъмирланиб, фойдаланишга топширилди. Бундан ташқари марказий стадион ҳам таъмирланиб, янги қиёфа касб этди. Узоқ йиллардан буён аҳолини қийнаб келаётган яна бир муаммо, Мурунтов қўрғонига 19 км. узоқликдан Мурунтов-Тасқудуқ йўналишида 3 та насос станциялари ўрнатилиб, аҳолига ичимлик суви тортиб келинди.
Сарҳисоб қиладиган бўлсак, ўтган йил мобайнида умумий ҳисобда 35,6 млрд. сўмлик ҳудудий инвестицион лойиҳалар амалга оширилди. Жумладан “Марҳабо Зиё” оилавий корхонаси томонидан “Пирамида” соғломлаштириш  маркази, “Модерн Трейдинг сервис” МЧЖ томонидан бовлинг маркази, “Gold plaza Zarafshon”  МЧЖ томонидан буюм бозори лойиҳаларини алоҳида таъкидлаб ўтишимиз мумкин.
2022 йилга шаҳарнинг экспорт прогнози 5070,2 минг АҚШ долларни ташкил этди. Декабрь ҳолатига қиймати 132.0 млн. долларлик 57 та лойиҳа тўлиқ ишга туширилди ва шунинг натижасида 463 та янги иш ўринлари яратилишига эришилди.
Бундан ташқари “Зарафшон ойна” МЧЖ томонидан хорижий технология асосида шиша заводининг ишга туширилиши натижасида 350 та янги иш ўрни яратилиши ҳамда маҳаллий бюджетга 30 млрд. сўм маблағлар тушишига эришилди. “Арел конфексион” хорижий корхонаси томонидан тикув маҳсулотлари ишлаб чиқаришга мўлжалланган 2.3 млн. долларлик инвестицион лойиҳа  амалга оширилиши орқали 35 та янги иш ўрни яратилиши ҳамда ҳудуддаги хотин-қизларнинг бандлиги таъминланишига эришилди.
2022 йил 1 декабрь ҳолатига 199 та қиймати 44 751,0 млн.сўмлик (ўз маблағи 40 212,0 млн.сўм, тижорат банклари кредити 4 539,0 млн.сўм) хизмат кўрсатиш объектлари ишга туширилиб 402 нафар янги иш ўринлари яратилди.
Мамлакат Президенти таъкидлаганидек, Ўзбекистоннинг эрганги кунига ишончини мустаҳкамлаш, аждодларга муносиб бўлиш учун ислоҳотларни илмдан бошлаш керак. Чунки илмсиз ҳеч бир соҳада натижа бўлмайди. 2023 йилнинг “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” деб номланиши замирида ҳам таълим соҳасига, ёшларга бўлган эътибор мужассам. 
Ўтаётган йилда Мурунтов қўрғонидаги 5-умумтаълим мактабида инвестиция дастури асосида 160 ўринга мўлжалланган янги ўқув биноси қуриб битказилди. 13-умумтаълим мактабида “Обод маҳалла” дастури асосида капитал таъмирлаш ишлари амалга оширилди.
Ўтган 2021-2022 ўқув йилида шаҳардаги умумтаълим мактабларига 2 млрд. 695 млн. сўм маблағ ташаббусли бюджетдан, 200 млн. сўм маҳаллий бюджетдан сарфланди. Натижада таълим муассасаларимиз 46 дона интерактив электрон сенсорли доска, 100 га яқин мусиқа асбоблари, 81 та компьютер, физика, кимё, биология хоналарига 5 та лаборатория жиҳозлари, 50 та моноблок, 12 дона телевизор билан таъминланди.
Яратилган шарт-шароит ва имкониятлар натижасида бугун Зарафшонлик ўқувчи ва ўқитувчилар нафақат республика миқёсидаги, балки халқаро доирадаги танлов ва фестивалларда ҳам ўзини кўрсатаяпти.
Ўтган ўқув йилида умумтаълим мактаблари битирувчиларининг 72% олий таълим муассасаларига ўқишга кирди. Битирувчиларнинг олий таълимга кириш кўрсаткичи бўйича Зарафшон шаҳри Республикада 1-ўринни эгаллади. 
Фан олимпиадаларининг 2022-2023 ўқув йили вилоят босқичида 13 нафар ёшларимиз 1-2-3-ўринларни эгаллашди. 5 нафар 11-синф ўқувчилари 7,5 балл даражадаги Халқаро IELTS сертификатларини қўлга киритди. 2022 йилги малака аттестациялари натижасида ёшларимизга таълим-тарбия бериб келаётган устозларнинг салоҳияти 34 % дан 54 % га кўтарилди.
Бугун барчамиз ўз якунига етаётган 2023 йилни зўр қувонч ҳамда эзгу таассуротлар билан кузатар эканмиз, “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили” шаҳримиз аҳли учун ниҳоятда омадли келганини, унинг замирида зарафшонлик барча соҳа вакилларининг улкан хизматлари мужассамлигини зўр қувонч билан эътироф этаман.
Азиз дўстлар!
Фурсатдан фойдаланиб, яна бир бор барчангизни кириб келаётган янги – 2023 йил билан чин юракдан самимий табриклайман.
Сизларга мустаҳкам соғлик, оилавий бахту саодат, чексиз қувонч ва хонадонингизга файзу барака тилайман!
Янги йилингиз муборак бўлсин азиз зарафшонликлар!

Zarafshon shahar hokimligi Axborot xizmati
Rasmiy kanal👇 
https://t.me/zarafshon_shahar_axborot_xizmat
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech