Меню
Русский Ўзбекча O'zbekcha English

Стипендия ислоҳоти: 5та асосий ўзгариш

1 февралдан талабалар стипендияси бўйича янги тартиб ўрнатилди. Kun.uz мухбири ҳукуматнинг 13 саҳифалик қарорида белгиланган асосий ўзгаришларни таҳлил қилади.



Сўнгги вақтларда Kun.uz сайтига фуқаролар томонидан янги стипендия тизими ва бу тизим бўйича қандай ўзгаришлар бўлаётгани ҳақида кўплаб мурожаатлар келиб тушмоқда.
Бу мазмундаги сўровлар 7 февралда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ўтказган матбуот анжуманидан кейин ҳам давом этяпти.
Шуни инобатга олган ҳолда, Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2020 йил 31 январь куни қабул қилинган «Олий таълим муассасалари талабаларига тўланадиган стипендиялар миқдорларини белгилаш ҳамда стипендиялар тайинлаш ва тўлаш тартибни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори бўйича асосий ўзгаришларга изоҳ бериб ўтишга қарор қилдик.
Янги тартиб бўйича талабаларда 770 минг сўмгача стипендия олиш имконияти бор

Ҳукумат қарорида 2020 йилнинг 1 февралидан бошлаб қуйидаги ўзгаришлар жорий қилиниши белгилаб қўйилган:
  • давлат гранти, шунингдек, стипендияли тўлов-контракт асосида ўқитишнинг ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолдаги шакли (ўқитишнинг кундузги шакли) бўйича таълим олаётган талабаларни (2019/2020 ўқув йилида давлат гранти асосида таълим олаётган битирувчи курс талабалари бундан мустасно) қатъий белгиланган миқдордаги базавий стипендия билан таъминлаш;
  • ўқув семестри якуни бўйича фанлардан фақат «аъло» ўзлаштириш кўрсаткичига (рейтинг кўрсаткичи – 86 балл ва ундан юқори) эга бўлган талабаларнинг стипендиясини базавий стипендияга (428 минг сўм – таҳр.) нисбатан 20 фоизга оширилган ҳолда белгилаш;
  • давлат гранти асосида таълим олаётган талабаларга ўқув семестри якуни бўйича ўзлаштириш кўрсаткичлари 30 фоиз ёки ундан ортиқ қисми «қониқарли» баҳо (рейтинг кўрсаткичи – 71 баллдан кам) бўлганда навбатдаги ўқув семестри давомида стипендия тайинламаслик;
  • тўлов-контракт асосида таълим олаётган 1- ва 2-гуруҳ ногиронлиги бўлган ҳамда тўлиқ давлат таъминотида бўлган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар сирасига кирувчи талабаларга стипендия тўловларини республика бюджетидан амалга ошириш.
Изоҳ: Базавий тўланадиган стипендия миқдори – 428 минг сўм. Оширилган 20 фоизлик миқдор бўйича эса бу сумма 513,6 мингга етади (428 000 * 1,2 = 85 600 сўм).

513,6 минг сўм бу – эндиликда фанларни «аъло» баҳога ўзлаштирган талаба автоматик тарзда оладиган стипендия ҳисобланади.
Албатта, бу ҳали «аълочи» талаба олиши мумкин бўлган стипендия миқдорининг чегараси эмас. Алоҳида қобилият ва иқтидор эгаси бўлган, жамоат ишларида фаол, шунингдек, ижтимоий ҳимояга муҳтож давлат гранти ва тўлов-контракт асосида таълим олаётган барча талабалар белгиланган стипендияларга нисбатан Жамғарма ҳисобидан (Жамғарма ҳақида сал кейинроқ) қўшимча равишда 50 фоизгача миқдорда рағбатлантирилиши мумкин.
Унга кўра, юқорида саналган жиҳатларга эга талаба тегишли ўрганишларга кўра, комиссия хулосаси асосида базавий стипендиянинг қўшимча 50 фоизигача миқдорида рағбатлантириш олиши мумкин.
(428 000 * 1,2) * 1,5 = 513 600 * 1,5 = 770 400
Демак, фанларни «аъло»га ўзлаштирган ва юқорида саналгани каби иқтидорли ёки ижтимоий ҳимояга муҳтож талабалар жами бўлиб 770 400 сўм миқдорида стипендия олишлари мумкин.
Ҳозир кўпчилик талабаларда шундай тушунча бўлмоқдаки, улар базавий стипендиядан (428 минг сўм) ташқари бериладиган қўшимча миқдордаги суммаларни фақат бир марта олиш мумкин, деб ўйлаб қолишмоқда. Йўқ, бундай эмас. Талаба фанларни ўзлаштириш кўрсаткичларига ва юқорида саналган хусусиятларга кўра, тўлиқ бир семестр давомида 770 минг сўмгача миқдорда олиши мумкин.
Стипендиясиз контракт тўлаган талабага ҳам юқоридаги рағбатлантириш тўловлари амалга оширилади. Яъни “аълочи” талаба 20 фоиз (85,6 минг сўм) автоматик тарзда, яна 50 фоизгача - 256,8 минг сўм бир семестр давомида рағбатлантириб борилади.

Давлат гранти асосида ўқиётган талабаларнинг ўқишдаги масъулияти ошади
Қарор бўйича кейинги банд изоҳига ўтамиз. Мазкур бандга кўра, ўқув семестри якуни бўйича фанлардан ўзлаштириш кўрсаткичларининг 30 фоиз ва ундан ортиқ қисми «қониқарли» баҳо (рейтинг кўрсаткичи – 71 баллдан кам) бўлган давлат гранти асосида таълим олаётган талабалар навбатдаги ўқув семестри давомида стипендия тайинламаслик шарти белгиланган (битирувчи курс талабалари бундан мустасно).
Унга кўра, эндиликда давлат гранти асосида таълим оладиган талабалар ўқишга ва якуний имтиҳонларга жиддийроқ ёндашишлари керак бўлади. Акс ҳолда, улар бир семестр давомида стипендиясиз қолиб кетиши мумкин.
Бу тартибга Олий ва ўрта махсус таълими вазири ўринбосари Сарвархон Бузрукхонов 7 февраль куни ўтказилган матбуот анжуманида изоҳ берган эди.
«Бугунги кунда Ўзбекистонда жами 88 минг талаба давлат гранти, 278 минг талаба эса контракт асосида ўқийди. Шунча талаба орасида давлат гранти билан ўқиётган талабалар эса, албатта, қолганлардан ўқиши билан фарқ қилиши керак.
Ҳукумат эса адолат ва ижтимоий ҳимоя принципларидан келиб чиққан ҳолда бюджетдаги талабалар учун 3 баҳо олмаслик шартини 30 фоизгача қолдирди», – деди у.
Таъкидлаш ўринлики, бу тартибда баҳолар талабага ўтилган умумий фанларга нисбатан ҳисобланади.

Ногиронлиги бўлган, етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум талабаларга давлат ёрдами кўпайди
Қарорга асосан, эндиликда ногиронлиги бор, тўлиқ давлат таъминотида бўлган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум талабаларга стипендия республика бюджети ҳисобидан тўланади.
Бу тоифадаги талабаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш илк марта қонуний тартибда белгилаб қўйилмоқда. Бунгача улар контракт маблағлари ҳисобидан рағбатлантириб келинган.
Янги тартибга кўра, мазкур тоифага кирувчи, тўлов-контракда ўқиётган талабалар стипендиясиз контракт тўлаган ҳолда ҳам (4 млн 800 минг сўмсиз) давлат бюджетидан ойига 642 минг сўмгача стипендия олиши мумкин.

Шунингдек, улар ҳам фанларни «аъло»га ўзлаштирган ҳолда энг юқори миқдордаги стипендия – 770 минг сўм олиши мумкин қилиб қўйилди.
Бу каби қўллаб-қувватлаш давлат гранти асосида ўқийдиган шу тоифадаги талабаларга ҳам амал қилади.

4 280 000 сўмгача миқдорда бир марталик рағбатлантириш ва моддий ёрдам
Юқоридагилардан ташқари, давлат гранти ва тўлов-контракт асосида таълим олаётган (шу жумладан стипендиясиз контракт тўлаган ҳам-таҳр.) алоҳида иқтидорга эга, халқаро, республика ва ОТМ миқёсида ўтказилган фан олимпиадалари ва спорт мусобақалари ғолиблари базавий стипендияга нисбатан 10 бараваргача (428 000 * 10 = 4 280 000) рағбатлантириш олишлари мумкин.
Шунингдек, ОТМлар кенгаши томонидан белгиланган мезонларга мувофиқ алоҳида ҳолларда ҳам (касаллиги ёки оила аъзоларининг вафоти каби) талабаларга 4 280 000 миллион сўмгача моддий ёрдам тўланиши мумкинлиги белгиланди.
Таъкидлаш керак, бу рағбатлантириш ва моддий ёрдам талабага бир марта берилади.

Жамғарма ҳақида
Қарорда рағбатлантириш тўловларини маблағ билан таъминлаш манбайи этиб Талабаларни рағбатлантириш жамғармаси кўрсатилмоқда. Жамғарма 2020 йил 1 февралдан тегишли молия йили учун ОТМларда стипендия тўловлари учун режалаштирилган бюджет маблағларига нисбатан 10 фоиз ҳамда тўлов-контракт бўйича режалаштирилган тушумларнинг 2 фоизи миқдоридаги маблағлар ҳисобига ташкил этилади.
Ҳужжатда рағбатлантиришнинг шаффофлигини таъминлаш мақсадида, Жамғарма кенгаши таркибида Талабалар кенгаши ҳамда Ёшлар иттифоқи вакиллари иштирок этиши белгилаб қўйилган.
Хўш, Талабалар кенгашининг ўзи қанчалик шаффоф ишлайди ва коррупциядан холи бўлади?
Шу мазмундаги савол 7 февраль куни Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан ўтказган матбуот анжуманида Kun.uz мухбири томонидан Олий ва ўрта махсус таълими вазири ўринбосари Сарвар Бузрукхоновга берилган эди.
Унинг айтишича, жараёнда ОТМдаги Талабалар кенгаши жамоатчилик назорати вазифасини бажаради.
«Ҳар бир олийгоҳда ўқув ишлари бўйича проректор раислигида Стипендия комиссияси ташкил этилади. Декан, ўқитувчилар, Ёшлар иттифоқи аъзоларидан иборат ушбу тузилма рағбатлантирувчи стипендия тайинлашда вакиллик ҳуқуқига эга бўлади.
Талабалар кенгаши хулосаси асосида ушбу комиссия қайси талабага рағбатлантирувчи стипендия тайинлашни ҳал қилади», – деди Бузрукхонов.
Хулоса ўрнида
Хўш, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига стипендия тартибини ўзгартириш нега керак бўлди?
Жавоб сифатида айтиш мумкинки, Ўзбекистон ҳукумати олий таълим ва қурилиш соҳаларини коррупциядан холи соҳаларга айлантириш бўйича тегишли ҳужжатлар ишлаб чиққан. Албатта, ҳужжат ижроси бўйича Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги мутасаддилари ўртасида тизимдаги коррупция бўғинларини аниқлаш бўйича ҳам таҳлиллар қилинган.
Табиийки, бу тизимдаги энг кўп коррупция олий таълимга қабул ва сессия жараёнларида кузатилади.
Қабул жараёнидаги коррупциянинг олдини олиш мақсадида бир неча йиллардан буён турли ўзгаришлар қилинмоқда. Буни сўнгги вақтларда тест жараёнидаги қоидабузарликлар анча камайишида ҳам кузатяпмиз.
Мантиқан олганда ҳам, эндиги навбат сессия жараёнидаги коррупцияга барҳам бериш ва уни юзага келтираётган омилларни йўқотишга қаратилиши керак эди.
Ҳозирги ўзгаришлар, фикримизча, айни шу мақсадда қилинмоқда.
Илёс Сафаров 
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech