Меню
Русский Ўзбекча O'zbekcha English

«Музокаралар олиб бориляпти». Илҳом Неъматов қўшни давлатлардан ўқишни кўчириш масаласи ҳақида гапирди

Ўзбекистон қўшни мамлакатларда таҳсил олаётган талабаларнинг ўқишини мамлакатга кўчириш бўйича Қозоғистон, Қирғизистон билан музокаралар олиб боряпти



Тошкент шаҳрида Ташқи ишлар вазирлиги матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда вазир биринчи ўринбосари Илҳом Неъматов журналистлар саволларига жавоб қайтарди.
И. Неъматовнинг айтишича, қўшни мамлакатларда таҳсил олаётган талабаларнинг ўқишини Ўзбекистонга кўчириш бўйича Қозоғистон, Қирғизистон билан музокаралар олиб бориляпти.
“Чет элларда ўқиётган фуқароларнинг [ўқишини] Ўзбекистонга кўчириш жараёнида сиёсий маъно, сиёсий омил мутлақо йўқ. 
Илгари Олий таълим вазирлиги чет элда ўқиётган фуқароларимизга [йилига] бир марта, ёзда кўчиришга рухсат берарди. Бу йил ота-оналарнинг талабларидан келиб чиқиб, қишда ҳам розилик берилди. 
ОАВда [бу бўйича хабарлар] тарқатилганидан кейин... ва ундан олдин Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистондаги элчихоналар, консуллик бўлимлари – ҳаммалари музокаралар олиб боришяпти. 
Бу жуда оғир масала. Қозоғистонинг Чимкентида 7-10 мингдан ортиқ фуқароларимиз ўқийди. Қозоғистонда жуда кўп. Қирғизистон, Тожикистонда ҳам худди шундай. Элчилар билан мен ўзим гаплашяпман. Улар шуғулланиб, ана шу университет, олий ўқув юртлари ректорлари, олий таълим вазирлари билан музокаралар олиб боришяпти. 
Қирғизистон, Тожикистон, Қозоғистонда қонун борки, биринчи семестрни ёки биринчи курсни тамом қилмасдан туриб, кўчириш мумкин эмас. Ёки бўлмаса, охирги курсни кўчириш мумкинмас. Шундай ҳолатлар борки, масалан, талабалар ўқишни бошлаганидан кейин бир йилга пул тўлаб қўяди. Ўқиш ярмига келганидан кейин пулини қайтариб бермайди-ку. Шунинг учун мана шу муаммолар бор. Ҳозирги кунда музокаралар олиб бориляпти. Ўйлайманки, музокаралар натижасида бу муаммолар ҳаммаси ҳал бўлади”, - дея Илҳом Неъматовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Аввалроқ, қўшни давлатлардан ўқишни Ўзбекистонга кўчириш бўйича муддат жорий йил 15 мартгача узайтирилгани хабар қилинганди.
Шунингдек, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Ўзбекистон фуқароларининг ўқишларини қўшни давлатлардан Ўзбекистонга кўчириш масалаларида қўшни республикалар ОТМлари томонидан турли баҳоналар билан тўсиқлар қўйилиши нотўғрилигини айтди.
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech