Меню
Русский Ўзбекча O'zbekcha English

Навоий вилояти ҳокими ёпиқ эшик ортида собиқ “афғончи”лар билан нималар ҳақида гаплашди?




Бугун Навоий вилояти ҳокими К. Турсунов қўшни Афғонистонда ўз ҳарбий бурчини ўтаб, вилоятнинг турли ҳудудларида истиқомат қилаётган собиқ “афғончи”лар билан учрашди.
15 февраль — Қўшинларнинг Афғон тупроғидан ўз юртларига қайтарилган куни-Ветеран ЖАНГЧИЛАР куни сифатида нишонланади. Узоқ йиллардан буён ҳокимият томонидан онда-сондагина йўқланадиган бўлиб қолган “афғончи”лар буни аввалига Афғонистондан собиқ шўро қўшинлари олиб чиқилишига бағишланган навбатдаги тадбирдир, деб ўйлашган эди.
Учрашувда дастлаб иштирокчилар ушбу айём билан қутланиб, ўша куни яна бир бор кенгайтирилган таркибда нишонлашга келишиб олинди. Бевосита бугунги тадбирга келсак, унда жорий йилнинг 10 январь куни мамлакатимиз Президенти, Қуролли Кучлар Олий бош қўмондони Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган мажлисида белгилаган долзарб вазифалар ижроси муҳокама этилди. Кенгайтирилган йиғилишда Юртбошимиз мамлакат мудофаа салоҳиятини ошириш билан бирга, аҳоли, айниқса ёшларда юксак ватанпарварлик, миллатпарварлик туйғуларини ошириш, уларда мардлик ва жасоратни тарбиялаш орқали турли ёт ғоялар таъсиридан сақлаш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга эътибор қаратиб, мазкур йўналишдаги жиддий камчиликларга батафсил тўхталиб ўтган эди.
Шунингдек, кенгайтирилган мажлисда мамлакатимиз раҳбари томонидан Навоий вилоятида аҳоли ва ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларда қатъий фуқаролик позициясини кучайтириш борасида ўзига хос “Навоий вилояти тажрибаси”га оид янги тизимни жорий этиш, ушбу тизим орқали вилоятдаги барча давлат ва жамоат ташкилотлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, ҳарбий қисм ва муассасаларнинг аҳоли ва ёшлар билан олиб бораётган таълим-тарбиявий ишлари самарадорлигини ошириш борасида вазифаларни белгилаб берган эди.
Мазкур вазифа ижроси юзасидан йиғилиш баёни асосида Навоий вилоятида аҳоли ва ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, фуқаролик позициясини кучайтириш тизимини жорий этиш борасида комплекс чора-тадбирлар Дастури тасдиқланган. Дастур 6 бўлим, 93 банддан иборат бўлиб, вилоят ҳокимлиги, давлат ва жамоат ташкилотлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга аниқ муддатлари кўрсатилган муҳим вазифалар белгиланган.
- Бугунги глобал таҳдидлар замонасида ёшларда ватанпарварлик ҳиссини камол топтириш, ҳар бир ўғил-қиз қалбига Ватанга садоқат, Ватан ва миллат шаънини ҳарбий интизом даражасида ҳимоя қилиш, асрлар оша камолга етган умуммиллий қадриятларимизни “оммавий маданият” кўринишидаги турли иллатлардан асраш, халқимиз менталитетига ёт тушунчаларга қарши иммунитетни мустаҳкамлаш борасида бизга намуна авлод, ҳаётий тажрибага эга, ўз ирода ва матонатини тоблаган кишилар кўмаги зарур, — деди учрашувда вилоят ҳокими. — Ёшлар тарбиясининг ташвишли кўринишларига аниқ мисоллар келтиришим мумкин. (Эшикни ёпиб юборинглар, илтимос!). . .
Бу мисолларга маймунлар йиғлайди. Мутахассислар маймунлар йиғламаслигини исботлашган. Шунинг учун ҳам маймунлар йиғлайди, деган илмоқли иборани ақл бовар қилмас ташвишли ҳолларда кўп ишлатамиз.
Учрашувда ёшлар тарбияси, таълими ва дунёқарашини шакллантиришда сўнгги пайтларда “ортда қолаётганлар”га қараганда иқтидорлилар билан ишлашнинг осон йўлига ўтиб борилаётгани, ваҳоланки айнан шу йўналиш бутун жамиятни безовта қилиши лозимлигига эътибор қаратилди. Ҳар қандай тадбир, маросим ва тантаналарга бир хил, навбатчи чеҳраларни жалб этиш тенденциясидан воз кечиш, ҳар бир таълим даргоҳи, маҳалла ва корхоналарда оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолганлар билан ишлаш тизимини йўлга қўйиш лозимлиги таъкидланди.
Шундан сўнг вилоят ҳокими томонидан вилоят “Ветеран жангчилар” Кенгаши фаолиятини йўлга қўйиш хусусидаги ташаббус ўртага ташланиб, унинг ташкилий ва фаолият юритиш жиҳатлари, вазифа ва мақомлари юзасидан таклиф ва мулоҳазалар билдирилди. Ташаббус тўлиқ қўллаб-қувватланиб, вилоят ҳокимлиги ҳузурида жамоатчилик асосида вилоят “Ветеран жангчилар” Кенгашини тузишга қарор қилинди.
- Ушбу учрашувда “оммавий маданият”нинг оқибатларини аниқ мисолларда эшитиб, тўғриси бу офатга қарши барча кучларни бирлаштириш лозимлигини англадим, — дейди захирадаги полковник Барот Тўхтаев. – Бу иллатдан дарвозани ёпиш билан ҳимояланиб бўлмайди. Фақат кучли ирода ва жамоатчиликнинг барча қатламини сафарбар этиш билан қарши туриш мумкин.
Учрашувда вилоят “Ветеран жангчилар” собиқ афғон жангчиларидан иборат жамоанинг фаолият кўлами, уларга услубий ёрдам кўрсатишнинг мутасаддилари, самарадорликни аниқлашнинг мезон ва рағбатлари белгиланди.Темур ЭШБОЕВ, “Халқ сўзи”.
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech