Меню
Русский Ўзбекча O'zbekcha English

Зарафшон шаҳар ҳокими Анвар Раджабовнинг 8-март Халқаро “Хотин-қизлар”куни муносабати билан байрам

Зарафшон шаҳар ҳокими Анвар Раджабовнинг 8-март Халқаро “Хотин-қизлар”куни муносабати билан байрам

                   Т А Б Р И Г И 

Ассалому алайкум, азиз онахонлар, 

ҳурматли аёлллар ва опа-сингиллар!

    Ҳаммамиз орзиқиб кутган гўзал баҳор кунларида, 8 март – Халқаро хотин-қизлар байрами муносабати билан сиз аёлларни, сизларнинг тимсолингизда барча онахонларимиз, опа-сингилларимиз, дилбар қизларимизни ана шу улуғ байрам билан чин қалбимдан муборакбод этиб, ўзимнинг чуқур ҳурмат ва эҳтиромимни билдираман. 

    Бу қутлуғ айёмда ҳурматли аёлларимизга энг самимий, энг эзгу тилакларимизни изҳор этар эканмиз, биринчи навбатда муқаддас ва мўътабар Оналаримиз кўз олдимизга келади, зеро “Жаннат оналар оёғи остидадир”.

    Аёлнинг нафосати ва назокати, вафо ва садоқати, ақл-заковати ва фидойилиги асрлар мобайнида ер юзида ҳаёт давомийлиги ва абадийлигига асос бўлиб келмоқда. Шу боис ҳам дунёдаги энг буюк санъат асарлари, қўшиқ ва қасидалар, меъморий обидалар аёллар шаънига бағишланган.

    Оила ва жамиятнинг устуни, ҳаётимизнинг файзи ва кўрки бўлган хотин-қизларни эъзозлаш, уларга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш, халқимиз минталитетида азал-азалдан буюк қадрият бўлиб келган ва шундай бўлиб қолади. Чунки сизлар билан ҳаётимиз гўзал ва мазмунли, хонадонларимиз обод ва нурафшондир.

    Ҳеч шубҳасиз, Ўзбекистон деб аталган жонажон Ватанимизда ҳар қайси мард йигит аввало меҳрибон онаси, оиласи, фарзандлари бахтли бўлишини, албатта истайди. 

Азиз онахонлар, ҳурматли аёлллар ва опа-сингиллар!

   Бугунги кунда шаҳримизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда сиз, азизларнинг ҳам беқиёс ҳиссангиз бор.

Бунинг учун сизларга ҳар қанча таҳсин ва тасаннолар айтсак, арзийди, албатта.

    Хабарингиз бор, ўтган вақт мобайнида халқимиз билан мулоқотда, учрашувларда уларнинг мурожаатларини эшитиябмиз, бугунги кунга келиб хотин-қизларга эътибор давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Шу асосда маҳаллаларда уйма-уй юриб, ижтимоий-маънавий муҳитни ўрганиш, бу борадаги муаммоларни ҳал этиш бўйича самарали тизим яратилди. Ҳозирги вақтда ана шу тизимнинг муҳим бир қисми сифатида “Аёллар дафтари”нинг ташкил этилганлигини, энг олис хонадонгача жамоатчилик назорати гуруҳлари фаолият кўрсатиб келаётганлигини алоҳида таъкидлаш лозим.

    Ҳурматли Президентимиз томонидан халқимиз ҳаётини муносиб даражага кўтариш бўйича қандай фармон ва қарорлар қабул қилинмасин, аввало сиз, азизларнинг орзу-ниятларингиз ва манфаатларингизни рўёбга чиқаришдек вазифаларни ўз ичига олган. Ҳозирги кунда бу борада катта амалий ишлар бошланмоқда. Ўйлайманки, эртаси бугунидан гўзал хонадонларимиз, маҳаллаларимизнинг янада гуллаб-яшнашида муҳтарам хотин-қизларимиз ўзларининг фидокорона меҳнатларини, ғайрат-шижоатлари билан ўз ҳиссаларини қўшишдан ҳеч қачон чарчамайдилар. 

Азиз онахонлар, ҳурматли аёлллар ва опа-сингиллар!

    Сўзимнинг охирида барчангизни Халқаро хотин-қизлар байрами билан яна бир бор чин қалбимдан табриклайман.

Менинг тилагим, оилангиз, фарзандларингиз, эл-юртимиз бахтига ҳамиша соғ-омон бўлинглар! 

Аёлларимизнинг бахти – халқимиз, жамиятимизнинг бахтидир.

Барчангизга оилавий хотиржамлик, хонадонларингизга тинчлик, файзу барака тилайман. Доимо халқимиз, Ватанимизнинг юксак меҳри ва ардоғида бўлиш ҳаммангизга насиб этсин!




Report content on this page

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech