Меню
Русский Ўзбекча O'zbekcha English

РАСМИЙ МУНОСАБАТ



Маълумотнома
 
Ижтимоий тармоқларнинг бирида фуқаролар О.Воҳидов, У.Ҳамидов ва Ш.Туробов Зарафшон шаҳар марказий деҳқон бозоридаги ҳолатлар бўйича видеомурожаат йўллашган. 
Зарафшон шаҳар марказий деҳқон бозори ҳудудида тадбиркорлик билан шуғулланувчи бир қанча фуқаролар, жумладан О.Воҳидов, У.Ҳамидов ва Ш.Туробовлар видеомурожаат йўллаб, ушбу видеомурожаатларида Зарафшон шаҳар марказий деҳқон бозори ҳудудида бир неча йиллардан бери деҳқон бозори ҳудудида тадбиркорлик билан шуғулланиб келишаётганлигини, аммо “Наврўз” МЧЖнинг собиқ директори Ш.Рахматов уларга нисбатан ноқонуний хатти-ҳаракатлар содир қилганлигини, деҳқон бозори ҳудудидаги савдо дўконларини ноқонуний равишда улардан тортиб олаётганлиги, ноқонуний равишда ижара пулларини ўзининг эҳтиёжларига сарфлаб юборганлигини, деҳқон бозори ҳудудида ноқонуний қурилишлар қилганлиги сабабли, унга нисбатан қонуний чора кўришни ва мурожаатларида кўрсатилган ҳолатларни ўрганиб, қаноатлантиришни сўрашган.
Фуқаро У.Ҳамидовнинг видеомурожаати бўйича қуйидагилар аниқланди.
Фуқаро У.Ҳамидов ўзининг видеомурожаатида Зарафшон шаҳар ҳокимининг қарори асосида “ИМПЕРАТОР-ЗАРАФШОН” хусусий корхонасига тегишли бўлган “Чойхона”, яъни 460 кв. метр бўлган ер майдони  “Наврўз” МЧЖга қарашли марказий деҳқон бозорига асоссиз равишда ўтганлигини, ушбу ҳолат бўйича Навоий туманлараро суди, Навоий вилояти суди ва Олий суднинг маъмурий судлов ҳайъатлари ҳам кўриб чиқиб, Зарафшон шаҳар ҳокимининг қарорини асосли деб, топишганлигини, аслида 460 кв. метр бўлган ер майдони хусусий мулки эканлигини, ушбу мулкни “Наврўз” МЧЖга асоссиз равишда беришганлигини, шу сабабли, ушбу ҳолатга алоқадор шахсларга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.
Аниқланишича, Зарафшон шаҳар ҳокимининг 22.07.2003 йилдаги                 596/07-сонли қарори билан умумий ер майдони 460 кв. метр бўлган “Чойхона” биносига фуқаро К.Шариповнинг эгалик ҳуқуқи белгиланиб, хусусий мулк сифатида давлат рўйхатидан ўтказилган.
Зарафшон шаҳар ҳокимининг 15.12.2012 йилдаги 647-Қ-сонли қарори билан “Наврўз” МЧЖга тегишли шаҳар марказий деҳқон бозорининг янги чегараси тасдиқланиб, фуқаро К.Шариповнинг 460 кв.метрдан иборат ер майдонлари қайтариб берилган бўлса-да, Зарафшон шаҳар ҳокимининг 17.07.2014 йилдаги    Қ-271-сонли қарори билан “Наврўз” МЧЖга қарашли марказий деҳқон бозорининг янги чегараси белгиланиб, Зарафшон шаҳар ҳокимининг 15.12.2012 йилдаги 647-Қ-сонли қарори бекор қилинган.
Зарафшон шаҳар ҳокимининг 15.12.2012 йилдаги 647-Қ-сонли қарори бекор бўлишига Навоий вилоят адлия бошқармасининг 02.07.2014 йилдаги №10-13-168/2-сонли тақдимномаси сабаб бўлиб, мазкур тақдимномага кўра, Зарафшон шаҳар ҳокимининг 15.12.2012 йилдаги 647-Қ-сонли қарори Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 28.08.2012 йилдаги 253-сонли қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси бозорларида савдо фаолиятини ташкил этиш қоидалари”нинг 4-банди ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 26.04.2010 йилдаги “Деҳқон бозорлари ва савдо комплекслари фаолиятини ташкил қилишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-1326-сонли Қарорининг 3-бандига зид бўлган. 
“Имератор зарафшон усусий корхонасига тегишли бўлган 460 метр квадрат майдонга эга чойхона биносининг мулкка бўлган эгалигига умуман эътироз бўлмаган.”Чойхона” биноси эгаллаган ер майдони бозор ҳудудида бўлганлигини ҳисобга олиб, амалдаги меъёрий ҳужжатларга асосан ва қонунчиликда белгиланган тартибда инфра тўловларини ўз вақтида тўлаш юзасидан ишлар олиб борилганлиги аниқланди.
Фуқаро У.Ҳамидовнинг мазкур мазмундаги мурожаати бўйича Зарафшон шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув материали юзасидан кўриб чиқилиб, 22.01.2024 йилда жиноят иши қўзғатишни рад қилиш ҳақида қарор қабул қилинган.
“ИМПEРАТОР-ЗАРАФШОН” хусусий корхонасининг Зарафшон шаҳар “Наврўз” деҳқон бозори ҳудудида жойлашган 23м.х20м. ҳажмдаги 460 кв. метр ер майдони хусусий корхонага тегишли эканлиги тўғрисидаги важлари ҳар томонлама ўрганилиб, ушбу ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Олий суди Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 13.01.2023 йилдаги Қарорига кўра, Зарафшон шаҳар “Наврўз” деҳқон бозори ҳудудида жойлашган 23м.х20м. ҳажмдаги 460 кв. метр ер майдони Зарафшон шаҳар “Наврўз” деҳқон бозорига тегишли эканлиги кўрсатилиб, ўз тасдиғини топганлиги кўрсатилган.
Бундан ташқари, Бош прокуратуранинг 15.12.2023 йилдаги хатига кўра, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 13.01.2023 йилдаги Қарорига нисбатан протест келтириш учун асослар аниқланмаганлиги кўрсатилган.
Фуқаро O.Воҳидовнинг видеомурожаати бўйича қуйидагилар аниқланди.
Фуқаро О.Воҳидов ўзининг видеомурожаатида “НАВРЎЗ” МЧЖнинг собиқ директори Ш.Рахматов Зарафшон шаҳар марказий деҳқон бозори гўшт маҳсулотлари сотиш растасининг 11-сонли дўқонини асоссиз равишда тадбиркор Л.Қахрамоновга ижара асосида берганлигини, ушбу 11-сонли дўкондан 2014 йилдан 2021 йилга қадар фойдаланганлигини, ушбу дўконни ўзи қурганлигини, 2022 йилдан 2024 йил охирига қадар касал бўлиб мазаси бўлмаганлиги сабабли, ушбу 11-сонли дўконда ишлай олмаганлиги сабабли, ушбу дўқонни собиқ директор Ш.Рахматов фуқаро Л.Қахрамоновга берганлиги сабабли, Ш.Рахматовга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.
Аниқланишича Фуқаро О.Воҳидов ва “НАВРЎЗ” МЧЖ ўртасида тузилган ижара шартномасини амал қилиш муддати 31.12.2020 йилгача эканлиги аниқланди. Шунингдек, фуқаро Л.Қаҳрамонов ва “НАВРЎЗ” МЧЖ ўртасида 01.10.2023 йилда бошқа шартнома имзоланганлиги аниқланиб, ушбу шартномага кўра, шартноманинг амал қилиш муддати томонларнинг ташаббуси билан асослантирилиб бекор қлингунга қадар кучга экалиги кўрсатилган. Мазкур шартномага кўра, Зарафшон шаҳар марказий деҳқон бозорининг гўшт маҳсулотлари растасининг 11-сонли дўкони Л.Қаҳрамоновга берилган.
Текширувда, фуқаро О.Воҳидовга Зарафшон шаҳар марказий деҳқон бозори гўшт растасининг бўш турган 5-сонли, 8-сонли, 9-сонли ва бошқа гўшт дўконларини ижара асосида олиши мумкинлиги, 11-сонли гўшт дўконидаги ўзи қурган пластик ромларни бузиб олиб кетиши мумкинлиги тушунтирилиб, ушбу ҳақида таклифлар берилса-да, фуқаро О.Воҳидов ушбу таклифларни рад қилди. 
Текширувда, фуқаро О.Воҳидов Зарафшон шаҳар марказий деҳқон бозорига кириш йўлагидаги савдо объектида гўшт маҳсулотларни очиқ ҳолатда санитария қоидаларига риоя қилмасдан сотиб турганлиги аниқланди.
Фуқаро О.Воҳидов томонидан мауқаддам фойдаланилган 11-сонли гўшт дўконини унга топшириладиган бўлса, тадбиркор Л.Қаҳрамоновнинг қонуний ҳуқуқлари бузилади. Шу сабабли, фуқаро Л.Қаҳрамонов ва “НАВРЎЗ” МЧЖ ўртасида 01.10.2023 йилда фуқаролик қонунчилиги асосида имзоланган шартнома бекор қилинмасдан туриб, ушбу дўконга фуқаро О.Воҳидовга бериш ва у билан шартнома тузиш имкони мавжуд эмас.
О.Воҳидовнинг мурожаатларида кўрсатилган собиқ директор Ш.Рахматовнинг порахўрлигини, ноқонуний хатти-ҳаракатларини тасдиқловчи бирор бир объектив далиллар топилмади.
Фуқаро Ш.Туробовнинг видеомурожаати бўйича қуйидагилар аниқланди.
Фуқаро Ш.Туробов ўзининг видеомурожаатида ўғли Туробов Озодбек Шухрат ўғли 10.08.2018 йилда фуқаро Холиқова Рисолат Розиковнадан 40,28 кв.м ҳудудлик савдо объектини сотиб олганлигини, ушбу сабдо объектини ёнида “ТРАНС-СЕРВИС-ЗАРАФШОН” МЧЖга тегишли бўлган 162.96 кв.м ҳудудлик савдо объекти унга халақит қилаётганлигини, ушбу савдо объектининг кадастр ҳужжатларининг қонунийлигини текширишни, ўзига тегишли бўлган савдо объектига халақит бераётган қурилиш объектларини бузишни сўраган.
Фуқаро Ш.Туробов ва унинг ўғли О.Туробовларга тегишли савдо объекти ўрганилганида қуйидагилар аниқланди.
Зарафшон шаҳар қурилиш ва уй-жой коммунал хўжлиги бўлимининг 15.01.2025 йилдаги алоқа хати, Давлат кадастрлари палатаси Зарафшон шаҳар бўлимининг 16.01.2025 йилдаги ўрганиш маълумотномасига кўра, фуқаро Р.Холиқова 31.03.2010 йилда олди-сотди шартномасига асосан, 162,96 кв.м ҳудудлик савдо дўконини “ТРАНС-СЕРВИС-ЗАРАФШОН” МЧЖга сотган бўлиб, мазкур МЧЖга 06.01.2022 йилда ўз ҳудудидан чиқмаган ҳолда дўқон биносини реконструкция рухсатнома берилганлиги, мазкур жамият томонидан қурилган реконструкция ишлари якунланиб, 14.11.2022 йилда Навоий вилояти Қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекцияси бошқармасининг рухсатномасига асосан, “Автошохбекат ва савдо дўкони” биноси фойдаланишга қабул қилинганлиги, фуқаро Ш.Туробовнинг ўғли О.Туробовга тегишли бўлган 40,28 кв.м ҳудудлик савдо дўқонига ичимлик суви ўтказиш учун масъул ташкилотлардан №324-сонли рухсат ордери олинган бўлса-да, “ТРАНС-СЕРВИС-ЗАРАФШОН” МЧЖ фуқаро О.Туробовнинг савдо дўконига ичимлик суви олиб келинадиган трубаларни ўзининг ҳудудидан ўтишига розилик бермаганлиги аниқланди.
Фуқаро Ш.Туробовнинг мурожаатида кўрсатилган важлар бевосита “ТРАНС-СЕРВИС-ЗАРАФШОН” МЧЖнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларига даҳл қилишини инобатга олиб, ушбу ҳолатда тадбиркорларга қонуний тартибда келишув асосида қурилиш ишларини давом эттириши мумкинлигини тушунтирилди.
Зарафшон шаҳар электр таъминоти корхонасининг 15.01.2025 йилдаги маълумотномасига кўра, фуқаро О.Туробовга тегишли бўлган савдо объектига электр токи қонунчилик талаблари асосида узлуксиз етказилаётганлиги кўрсатилган.
Зарафшон шаҳар газ таъминоти бўлимининг 15.01.2025 йилдаги маълумотномасига кўра, фуқаро О.Туробовга тегишли бўлган савдо дўконига газ тармоғи уланмаган ва шартнома ҳам имзоланмаган.
“Иссиқлик манбаи” ДУК Зарафшон филиали ва  “Навоий сув таъминот” АЖ Зарафшон филиали мутахассисларининг 15.01.2025 йилдаги далолатномасига кўра, фуқаро Ш.Туробов ва унинг ўғлига тегишли савдо объекти “Иссиқлик манбаи” ДУК Зарафшон филиали томонидан 20.09.2021 йилда техник шарт олинганлиги, ушбу техник шартга асосан, ичимлик суви уланганлиги, 2022 йил декабрь ойида савдо дўконининг исимлик суви ҳисоблагичлари ўрганилганида 35 м3ни фойдаланганлиги, ушбу сув 1 млн. 1 минг 700 сўм бўлишини, видеомурожаатда маълум қилинган 35 млн. сўм сув учун ҳисобланганлиги асоссиз эканлиги, 2023 йилнинг январ ойидан бери Ш.Туробовнинг оғзаки мурожаати бўйича ичимлик суви тармоқдан узилганлиги, бугунги кунга қадар тармоққа қайта уланиш бўйича мурожаат қилмаганлиги кўрсатилган.
Шунга кўра, фуқаро Ш.Туробовнинг видеомурожаатида маълум қилган 35 млн.сўмлик сувдан қарздорлиги бўйича важлари ўз тасдиғини топмади. Фуқаро Ш.Туробовнинг видеомурожаатидаги “ТРАНС-СЕРВИС-ЗАРАФШОН” МЧЖга тегишли бўлган  162,96 кв.м ҳудудлик савдо дўкони ва автобекатнинг қурилиши ноқонуний эканлиги ҳақидаги важлари 14.11.2022 йилдаги Навоий вилояти Қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекцияси бошқармасининг рухсатномаси мавжудлиги ўрганилиб, фуқаронинг ушбу важлари ҳам ўз тасдиғини топмади.
Юқоридагиларни инобатга олиб, фуқаролар У.Ҳамидов, О.Воҳидов ва Ш.Туробовларнинг ижтимоий тармоқларда йўллаган мурожаати юзасидан “НАВРЎЗ” МЧЖнинг собиқ директори Ш.Рахматовнинг хатти-ҳаракатларида, шунингдек бошқа бирор бир шахснинг хатти-ҳаракатларида бирор бир жиноят ва маъмурий ҳуқуқбузарлик аломатлари аниқланмади. 
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикасининг “Aхборотлаштириш тўғрисида”ги Қонунининг 121-моддасида: 
“Веб-сайтнинг ва (ёки) веб-сайт саҳифасининг ёхуд бошқа ахборот ресурсининг эгаси, шу жумладан блогер ҳамма еркин фойдаланиши мумкин бўлган ахборот жойлаштириладиган Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги ўз веб-сайтидан ва (ёки) веб-сайт саҳифасидан ёхуд бошқа ахборот ресурсидан:
Миллий, ирқий, етник ёки диний адоват қўзғатувчи, шунингдек фуқароларнинг шаъни ва қадр-қимматига ёки ишчанлик обрўсига путур йетказувчи, уларнинг шахсий ҳаётига аралашишга йўл қўювчи ахборотни тарқатишга йўл қўймаслиги шарт эканлиги белгилаб қўйилган.
Ўзбекистон Республикасининг “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонунининг 5-моддасида:
Оммавий ахборот воситалари қонунчиликка мувофиқ ахборотни излаш, олиш, тадқиқ этиш, тарқатиш, ундан фойдаланиш, уни сақлаш ҳуқуқига эга ҳамда тарқатилаётган ахборотнинг холислиги ва ишончлилиги учун белгиланган тартибда жавобгар бўлади дейилган.
Шу ўринда ижтимоий тармоқларда ахборот тарқатувчилардан масалага бир томонлама ёндашмасдан, иккинчи тарафнинг ҳам важларини ўрганиб, ҳолис ва тўғри маълумотлар тарқатишларини сўраб қоламиз.
Шунингдек, мазкур масала юзасидан зарурий маълумотларни алмашиш ва ҳамкорлик қилишга Зарафшон шаҳар ҳокимлиги эшиги доимо очиқлигини маълум қиламиз.
 
Зарафшон шаҳар ҳокимлиги.
 
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech