Ҳиндистонда номаълум инфекция туфайли 300 дан ортиқ одам касалхонага ётқизилди
Жанубий Ҳиндистоннинг Андхра-Прадеш штатида жойлашган Элуру шаҳрида яшовчи бир фуқаро номаълум хасталикдан вафот этган. Яна 315 киши худди шу аниқланмаган хасталик аломатлари билан касалхонага ётқизилди.
Маҳаллий “Hindu” нашрининг ёзишича, номаълум хасталик аломатлари пайдо бўлган беморларни касалхоналарга олиб келиш 5 декабрь, шанба кунидан бошланган. Сўнгги маълумотларга кўра, уларнинг сони 315 тага етган, шулардан 46 нафари эса болалардир.
“Беморларда ҳушдан кетиш, бош айланиши, бош оғриғи ва эпилепсия аломатлари кузатилмоқда”, дейди шифокорлар.Қайд этилишича, беморлар коронавирус учун тестдан ҳам ўтказилган ва уларда инфекция аниқланмаган.
Маҳаллий соғлиқни сақлаш ходимларининг сўзларига кўра, сув, озиқ-овқат ва беморлардан олинган қон намуналари таҳлил қилиш учун лабораторияга юборилган.
Мутахассислар оммавий инфекцияга чалиниш ҳолати ҳавонинг ифлосланиши натижасида ёки сифатсиз маҳсулотлардан фойдаланганлик сабабли келиб чиққан бўлиши мумкинлигини истисно этишмаяпти.
Манба: http://xs.uz/uzkr/45993