DataLife Engine / Зарафшон шаҳар ҳокими Назирбек Рахмановнинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 30 йиллигига байрам табриги

Зарафшон шаҳар ҳокими Назирбек Рахмановнинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 30 йиллигига байрам табриги

Зарафшон шаҳар ҳокими Назирбек Рахмановнинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 
30 йиллигига байрам табриги

Ҳурматли ҳамшаҳарлар!
Бу йил Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси қабул қилинганлигига 30 йил тўлди. Ўтган тарихан қисқа вақт ичида Конституциямиз халқимизнинг асрий ҳуқуқий анъаналари ва жаҳон конституциявий тажрибасининг энг илғор жиҳатларини, принципларини ўзида мужассамлаштирганлигини  амалда намоён этди. 
Истиқлол йилларида Конституциямиз ўзининг қай даражада пухта ва ҳаётий эканлигини исботлади. Айнан ана шу йилларда мамлакатимизда конституциявий давлат қарор топди. Одатда Конституцияни ҳуқуқий билимларнинг алифбосига қиёслашади. Зеро, у давлатни давлат, миллатни миллат қиладиган муҳим сиёсий-ҳуқуқий ҳужжатдир. Конституциямиз жаҳон харитасида янги мустақил давлат – Ўзбекистон Республикаси пайдо бўлганлигини қонуний мустаҳкамлади. Ҳар қандай давлатнинг Конституцияси унда истиқомат қилаётган халқнинг иродасини, миллий руҳиятини, ижтимоий онги ва сиёсий-ҳуқуқий маданиятини акс эттиради. Шу маънода йиллар ўтган сари Конституция сезиларли даражада мукаммаллашади, маромига етади. Бошқача айтганда, халқнинг фикр хазинаси билан бойитилиши, сайқал топиши натижасида Конституциямиз том маънода халқчил Қомусга айланди. 
Мамлакатни янада тараққий топтириш, жамият ҳаётини демократлаштиришнинг яқин йилларга мўлжалланган дастури белгиланган бу концепция  тарихий аҳамиятга молик ҳужжатдир. Унда ўтган давр мобайнида давлат ҳокимияти ва бошқарувини демократлаштириш соҳасида амалга оширилган ислоҳотларга баҳо берилди, жамиятимизни янада тараққий топтириш учун келгусида амалга ошириладиган ишларнинг асосий йўналишлари белгиланди. Кейинги йилларда мамлакатимиз учун ниҳоятда муҳим вазифаларни ҳал этишда давлат ҳокимияти тармоқларини, хусусан, парламентни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш, сиёсий партияларнинг ролини ошириш, мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини, сайлов қонунчилигини такомиллаштириш, фуқаролик жамияти институтларини, оммавий ахборот воситаларини ривожлантириш, шунингдек, демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва иқтисодиётни либераллаштиришга қаратилган бир қатор қонунчилик ташаббуслари амалга оширилди. Уларнинг мазмун-моҳияти шундан иборатки, давлат бошқаруви ва жамият ҳаётининг янада демократик принципларини ифодалайдиган янги тартиблар жорий этилади. 
Биз бугунги қутлуғ байрам арафасида мустақиллик йилларида босиб ўтилган йўлга, амалга оширилган ишларга назар ташлар эканмиз кўнглимизда албатта фахр ва ифтихор туйғулари уйғониши муқаррар. Зеро, қўлга киритилган муваффақиятларни маълум маънода шаҳримиз мисолида ҳам яққол кўриш мумкин. Шаҳримиздаги таълим муассасалари замонавий қиёфа касб этаётганлиги, аҳолига тиббий хизматни яхшилаш мақсадида тиббий муассасаларимизга замонавий технологиялар кириб келаётганлиги, ана шу мўъжаз шаҳримизнинг ўзида мингдан зиёд тадбиркорлик субъектларининг фаолият кўрсатаётганлиги, янгидан янги инвестицион лойиҳалар амалга оширилаётганлиги, замонавий уй-жойлар қурилаётганлиги – буларнинг барчаси ҳаётимизнинг Бош Қомусида белгиланган принципларни ва жамиятимиз аъзолари учун кафолатланган ҳақ-ҳуқуқларининг амалга ошиши эмасми?   

Азиз ва муҳтарам ҳамшаҳарлар!

Бугун биз жонажон Ватанимизни ривожланган демократик давлатлар қаторига олиб чиқишдек юксак мақсад йўлида кенг қамровли ислоҳотларни амалга оширмоқдамиз. “Халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халққа хизмат қилиши керак” деган принцип барча бўғиндаги раҳбарлар фаолиятида асосий қоидасига айланиб бормоқда.
Конституцияга ҳурмат ва меҳр Ватанга, ўз халқига садоқатни келтириб чиқаради. Бу эса ҳаётимизнинг мезони бўлган Конституцияни чуқур ўрганишни, унинг маъносига етиб, амалий ҳаётимизнинг доимий қўлланмасига айлантиришни тақозо этади. Агар гапни мухтасар қиладиган бўлсак, Конституция – бу истиқлол ва мустақил Ўзбекистон рамзи. Конституция биз учун нафақат муҳим ҳаётий қўлланма, балки ғурур-ифтихор, шу заминда истиқомат қилаётган, миллати, тили, динидан қатъий назар, барча инсонлар учун мустаҳкам бир ҳимоя, демакдир.

У нафақат бугунги кунимиз Қомуси балки эртанги кунимизни, йўлимизни ёритиб турувчи нурли маёқ ҳамдир. 

Азиз дўстлар!

Ҳеч шубҳасиз, орадан йиллар, асрлар ўтади, лекин халқимиз сиёсий-ҳуқуқий тафаккурининг юксак намунаси бўлган Конституциямиз янги-янги авлодлар учун ҳаёт қомуси, даврнинг ўзи ўртага қўядиган долзарб муаммоларни ечиш йўлида мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилади.               
Сиз азизларни Конституциямизнинг қутлуғ байрами билан самимий табриклаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, оилавий хотиржамлик, фарзандлар, набиралар бахт-у камолини кўришни тилайман. 
Яратганнинг ўзи юртимизни бало-қазолардан асрасин, эзгу ишларимизда доимо мададкор бўлсин! 
Барчангизни бугунги қутлуғ айём билан табриклайман. Хонадонларингизга тинчлик, фаровонлик, бахт-саодат тилайман.

Zarafshon shahar hokimligi Axborot xizmati
Rasmiy kanal👇 
https://t.me/zarafshon_shahar_axborot_xizmat
8-12-2022, 11:00
Вернуться назад