Зарафшон шаҳар ҳоким турмуш шароити оғир оилаларнинг уй-жойини таъмирлаб бермоқчи
«Инсонларнинг дарду ташвишларини ўйлаб яшаш – одамийликнинг энг олий мезонидир», «Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак», «Халқимиз ўз ҳаётида ижобий ўзгаришларни эртага эмас, узоқ келажакда эмас, айнан бугун кўриши керак». Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг эл-юртимиз қалби ва онгидан чуқур жой олган бу сўзлари бугун мамлакатимизда барча соҳа ва тармоқларда амалга оширилаётган туб ўзгариш ва ислоҳотларни ҳаракатлантирувчи қудратли кучга, таъбир жоиз бўлса, уларнинг ғоявий ўзагига айланди. Зарафшон шаҳрида ҳам аҳолининг ҳаётий талаб ва эҳтиёжларини таъминлаш, одамларни рози қилиш йўлидаги залворли ишлар айнан ана шундай эзгу ва ҳаётбахш ғоялар асосида олиб борилмоқда.
Зарафшон шаҳар ҳокими, биринчи сектор раҳбари Анвар Раджабов Мурунтау маҳалласида хонадонма-хонадон юриб, маҳалла аҳлининг ҳаёти, турмуш тарзи билан танишди. Одамларни қийнаётган муаммолар билан қизиқди, фуқаролар билан мулоқотлар ўтказди.
Шаҳарнинг чекка ҳудудларидан бири ҳисобланган Мурунтау маҳалласидаги 951 хонадонда 3 минг 564 нафар аҳоли истиқомат қилмоқда. Кейинги йилларда маҳаллада оилавий ва хусусий тадбиркорлик борасида ҳам бир қанча ишлар амалга оширилди.
Шаҳар ҳокими турли муаммолардан азият чекаётган, ишга жойлаштириш, уй-жойни таъмирлаш, тиббиёт, электр энергияси, ичимлик суви, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагида бўлган ва бошқа масалалар бўйича мурожаат қилган фуқаролар билан бевосита суҳбатлашди, мавжуд муаммоларни имкон қадар шу ернинг ўзида ҳал этди.
Очиқ ва самимий кечган учрашувларда шаҳар ҳокими юзга яқин фуқаролар билан мулоқот қилди.
– Биринчи гуруҳ ногирониман. Ёшим эллик еттида, – дейди фуқаро Олия Ғаниева. –Шаҳар ҳокими яшаш шароитимиз билан танишиб, соғлигимни тиклашим ва янада мустаҳкамлашим учун сиҳатгоҳга боришда амалий ёрдам бермоқда. Очиғи, буни кутмаган эдим, бундай эътибордан бошимиз кўкка етди.
Шу куни шаҳар ҳокими турмуш шароити оғир бўлган бир қанча оилаларнинг уй-жойларини таъмирлаб бериш бўйича мутасадди ташкилотларга топшириқлар берди. Яқин кунлар ичида уларнинг уй-жойлари таъмирлаб бериладиган бўлди.
Зарафшон шаҳар ҳокими, биринчи сектор раҳабари томонидан кам таъминланган, оғир шароитда яшаётган 20 та оилага моддий ёрдам сифатида озиқ-овқат махсулотлари жамланмалари берилди.
Маҳалладаги 5-умумтаълим мактабининг 5-синф ўқувчилари аълочи ва билмдонлар қаторида эканлиги, ва улар доимий равишда китоблар ўқиётганлиги, мутолаа қилган китобларини гапириб берганлиги учун иқтидорли ўқувчиларга шаҳар ҳокими томонидан китоблар совға қилинадиган бўлди.
Умуман, шу куни шаҳар ҳокими Анвар Раджабов фуқароларнинг 20 дан ортиқ мурожаатларининг аксариятини шу жойнинг ўзида ижобий ҳал этди, қолган масалани ҳал этиш бўйича мутасадди идоралар раҳбарларига топшириқлар берди.
Умид Худойқулов,
Зарафшон шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати раҳбари.