Мамлакатимизда аҳоли қачон рўйхатга олинади?
Аҳолини рўйхатга олиш тарихига назар соладиган бўлсак, ушбу жараён илк бор милоддан аввалги III минг йилликдан бошланган. Рўйхатга олиш дастлаб Осиё ва Африка давлатлари, Миср, Месопотамия, Ҳиндистон, Хитой ва Японияда ўтказилган. Ушбу жараён давлатларнинг солиқ ва ҳарбий фаолияти ва уларнинг маъмурий тузилмаси вазифалари билан боғлиқ равишда вужудга келган.
Ўзбекистон ҳудудида илк бор аҳолини рўйхатга олиш тадбири 1897 йилда амалга оширилган. Шундан сўнг 1926, 1939, 1959, 1970, 1980 йилларда аҳоли рўйхатга олинган. Ушбу тадбир сўнгги бор 1989 йилда ўтказилиб, ўша пайтда Республикамиз аҳолиси 19,7 миллион кишини ташкил этган эди.
Мустақиллик йилларида Ўзбекистон Республикасида аҳолини рўйхатга олиш тадбири ўтказилмаган. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 5 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида 2022 йилда аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш коцепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги ПФ-5655-сон Фармони ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йилнинг 11 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикасида 2023 йилда аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 710-сонли қарорига мувофиқ Республикамизда 2023 йилда аҳолини рўйхатга олиш тадбирини ўтказиш белгиланган.
Аҳолини рўйхатга олиш - белгиланган санада аҳолининг демографик ва ижтимоий-иқтисодий тавсифларини белгиловчи шахсга доир маълумотларни йиғиш ҳамда уларга ишлов бериш даврий жараёни. Бу жараён Республика бўйлаб ёки унинг муайян ҳудудларида 10 йилда 1 марта ўтказилади. Аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш тўғрисидаги таклиф Ҳукумат томонидан Президентга, қоидага кўра, режалаштирилаётган санадан 3 йил олдин киритилади.
Аҳолини ҳисобга олиш даври нима?
Аҳолини рўйхатга олиш аниқ бир муддатда ўтказилади. Бу тадбир одатда 10 кундан - 12 кун талаб этилади. Аҳолини ҳисобга олиш даври айрим ҳолатларда аҳолини рўйхатга олишнинг нозик вақти деб ҳам юритилади. Аҳолини рўйхатга олиш давридан қатъий назар аҳолини рўйхатга олиш биринчи куни соат 00-00 дақиқа ҳолати бўйича қайд этилади.
Мисол учун чақалоқ аҳолини рўйхатга олиш даврида, аммо ана шу аниқ муддатдан кейин дунёга келса, у аҳоли рўйхат олиш тадбирида рўйхатга олинмайди. Аммо кимдир бу нозик вақтда ҳаёт бўлиб, шундан кейин, яъни аҳолини рўйхатга олиш даврида вафот этса, у аҳоли сифатида рўйхатга олинади.
Аҳолини рўйхатга олиш тадбирида неча ёшдан бошлаб иштирок этиш мумкин?
Аҳолини рўйхатга олишга ёшдан қатъий назар, мамлакатнинг барча аҳолиси иштирок этади.
Аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш вақтида яшаш жойи (турар жойи) бўйича ўзи бўлмаган фуқаролар ёки вояга этмаганларнинг маълумотлари уй хўжалигининг вояга етган аъзоси томонидан маълум қилинади. Васийлик ва ҳомийликка олинган шахслар бўйича маълумотлар уларнинг васийлари ёки ҳомийлари томонидан маълум қилинади. Ота-оналар ёш болалар ҳақида маълумот берадилар.
Аҳолини рўйхатга олиш бизга нима беради?
Аҳолини рўйхатга олиш маълумотлари “ижтимоий ҳимоя”, “инвестиция”, “уй-жой”, “соғлиқни сақлаш”, “маданият”, “туризм”, “таълим”, “йўл қурилиши ва инфратузилма” каби манзилли дастурларнинг тайёрланиши ва амалга оширилишида хизмат қилади. Келгусида аҳолини рўйхатга олиш натижаларига асосланиб, ушбу дастурларни амалга ошириш натижаларини баҳолаш, иқтисодий прогнозлаш ва демографик сиёсатни шакллантириш мумкин.
Аҳолини рўйхатга олиш бу Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг тавсияси ҳисобланади. Ҳозирги кунгача дунёнинг кўплаб мамлакатларида ўтказилди. Мазкур тадбир бутун дунё аҳолисининг умумий, кенг кўламли қиёфаси яратилишига хизмат қилади.
Ўзбекистоннинг жаҳон бозоридаги рақобатбардошлигини ошириш истаги замонавий иқтисодиётнинг асосий манбаи – мамлакатнинг инсоний салоҳияти ҳақида билмасдин амалга оширилмайди албатта. Бизнинг вазифамиз мавжуд ресурслардан самарали фойдаланиш орқали кучлироқ бўлишдир. Бунинг учун аҳолининг таркиби, унинг иқтисодий фаоллиги, таълим даражаси ҳақида аниқ тасаввурга эга бўлишимиз керак. Мисол учун, мамлакатда қанча одам борлиги ҳақида эмас, балки мигрантлар қаердан ва қаерга кетаётганлигини, ёш ва жинс таркиби каби кўплаб маълумотларни билишимиз керак.
Н.Сувонов,
Зарафшон шаҳар статистика бўлими бошлиғи.