Меню
Русский Ўзбекча O'zbekcha English

УСТОЗ – ОТАНГДЕК УЛУҒ

Ёшлигимиздан қўлимизни қаламни тўғри ушлатиб, ҳарф ўргатган устоз ва мураббийларимизни кўрганимизда кўнглимиздан “У менинг биринчи ўқитувчим” деган ўйлар ўтади. Жамиятда эришаётган ютуқларимиз замирида устозларимиз берган сабоқлар ётганини дилдан ҳис қиламиз.Буюк мутафаккир, шеърият мулкининг султони Мир Алишер Навоий “Ҳақ йўлида ким сенга бир ҳарф ўқутмиш ранж ила, Айламак бўлмас адо онинг ҳақин юз ганж ила” деб байт битганларида қанчалик ҳақ эдилар.
 
Бугунги кунда мамлакатимизда таълим – давлат ва жамиятнинг равнақ топиши ҳамда барқарорликка эришишида жуда муҳим омил ҳисобланади. Бинобарин, республикамиздаги таълим муссасаларида кўп сонли ёшларни ўз фарзандларидек севадиган юз минглаб фидойи ўқитувчилар меҳнат қилишмоқда.
Ҳар йили 1 октябрь – Устоз ва мураббийлар куни мамлакатимизда кенг нишонланади. Тарихан устозга бўлган чуқур ҳурмат сақланиб қолгани боис инсонлар “Домла”, “Муаллим”, “Устоз” каби улуғ номлар билан ўз устозларига мурожаат қилишган. Умрини ёшларга таълим беришга бағишлаган ўқитувчилар ҳамма жойда бир хил – оддий ва камтар.
Шиддат билан ривожланиб бораётган замонда янги касблар, янги соҳалар кўпайиб бормоқда. Уларнинг ҳар бирининг ҳаётда ўз ўрни, аҳамияти бор. Лекин, улар орасида шундай бир улуғ касб борки, бошқа барча касблар унинг негизида шаклланади ва тараққий этади. Бу ўқитувчилик касбидир.
Ўқитувчилик касбларнинг энг машаққатлиси ва шу билан бирга энг улуғи ҳамдир. Эътирозлар бўлиши мумкин, қолган касбларчи? Тўғри, жамиятимизда шундай касблар бор-ки, уларнинг вазифалари жуда машаққатли, оғир ва масъулиятлидир. Лекин, уларни ҳам мураббий тарбиялайди, муаллим етиштиради, устозлар эса бир меъёрда ривожланиши учун ўз панд-маслаҳатларини аямайди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида сўнгги йилларда мактабгача таълим қамровини кенгайтириш, мактаб таълимини қўллаб-қувватлаш, олий таълим муассалалари фаолиятини эркинлаштириш ва асосийси ўқитувчилар обрўсини ошириш, уларни рағбатлантириш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилмоқда.
Ислоҳотлар замирида эса, биринчи навбатда, ўқитувчиларнинг мажбурий меҳнатга жалб қилинмаслиги – бу катта сиёсий ироданинг ҳосиласи, деб ҳисоблаш мумкин. Таълим ташкилотининг педагог ходимини меҳнатга бирон-бир шаклда маъмурий тарзда мажбурлаш маъмурий ва жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.
2023 йил 30 апрель куни ўтказилган Ўзбекистон Республикаси референдумида қабул қилинган янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 52-моддасига мувофиқ ўқитувчининг меҳнати жамият ва давлатни ривожлантириш, соғлом, баркамол авлодни шакллантириш ҳамда тарбиялаш, халқнинг маънавий ва маданий салоҳиятини сақлаш ҳамда бойитишнинг асоси сифатида эътироф этилади. Давлат ўқитувчиларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий ва моддий фаровонлиги, касбий жиҳатдан ўсиши тўғрисида ғамхўрлик қилади.
Хулоса қилиб айтадтган бўлсак, ҳаёт абадий, аммо у ёш авлод билан бархаёт. Авлод бор экан, унга таълим ва тарбия берадиган мехри дарё устозлар ҳам абадий бархаёт яшайверади. Устоз бамисоли боғбон. Устоз- йўл кўрсатувчи эркин юлдуз.. Мураббий, бу- ахлоқ одоб, инсонийлик бўйича таълим ва тарбия берувчидир.  У ёш авлодга илм фан асосларини ўргатади, уларга таълим тарбия беради, замонамизнинг ҳар томонлама баркамол кишиларни етиштиради. Устоз – мураббий, ўқувчи – шогирд учун мисоли кўзгу, ўқувчи ўша кўзгуга боқиб ўз аксини кўради ва қиёфасини тўғирлаб боради. Ҳақиқатдан ҳам устоз – мураббий шундай буюк зот-ки, улардан бир умр қариздормиз. Шунинг учун бўлса керак Устоз ва мураббийлар бизнинг юртимизда   отадек улуғ деб таърифланади.
 
Дилафруз Баҳронова Республика Маънавият ва маърифат маркази Зарафшон шаҳар бўлинмаси раҳбари
 
 
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech