Зарафшон шаҳар ҳокими Анвар Раджабовнинг хотин-қизларга йўллаган байрам ТАБРИГИ Ассалому алайкум, Азиз аёллар! Муҳтарама онахонлар, қадрли опа-сингиллар! Аввало, сизларни, сизларнинг тимсолингизда барча онахонларимиз, опа-сингилларимиз, дилбар қизларимизни 8 март – Хотин-қизлар куни байрами билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман. Барчангизга аёнки, аёл зоти ҳақида, унинг нақадар тенгсиз гўзаллик ва нафосат соҳибаси, эзгулик ва фидойилик рамзи, хонадонларимизнинг файзу фариштаси экани ҳақида қадим тарихимизда улуғ мутафаккирлар, шоир ва алломалар қанча-қанча бетакрор асарлар яратиб, дил сўзларини баён этганлар. Вафо ва садоқат тимсоллари ҳақида гапирганда, аввало, буюк шоир, аллома Мир Алишер Навоий бобомизнинг “Жаннат оналар оёғи остидадир” деган ҳикматли сўзларини яна бир бор эслаймиз ва қалби қайноқ, меҳрибон, муқаддас Она сиймоси олдида барчамиз бош эгиб таъзим қиламиз. Оила ва жамият устуни, ҳаётимизнинг файзи ва кўрки бўлган хотин-қизларни эъзозлаш, уларга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш халқимиз учун азал-азалдан буюк қадрият бўлиб келганини ҳеч биримиз ёдимиздан чиқармаймиз. Сиз гўзал ва бетакрор, азиз аёлларимиз ҳақида жуда илиқ фикрлар айтиш, кўплаб таърифлар келтириш мумкин. Бу борада Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг “Сиз, ҳурматли аёлларимиз ўзингизнинг оналик меҳрингиз, ҳаётий билим ва тажрибангиз билан фарзандларимизни турли хавф-хатарлардан асрашда, уларни мустаҳкам иродали, маънавий-интеллектуал жиҳатдан етук, жонажон Ватанимизга садоқатли инсонлар этиб тарбиялашда бундан буён ҳам куч-ғайратингизни аямайсиз, деб ишонаман. Айниқса, қиз болаларни ҳаётга тайёрлаш, уларни замонавий билимлар, касб-ҳунарларга ўргатишда биз аввало сизларга суянамиз” деган сўзлари ҳар жиҳатдан ибратлидир. Қадрли опа-сингиллар! Кечагина ўзбек аёлининг ҳақиқий рамзи, меҳр ва садоқат тимсоли Зулфияхонимнинг 105 йиллигини катта тантана қилдик. Шаҳримизда ҳам Зулфияхоним издошлари юзлаб топилади. Улар ижодда ҳам, таълимда ҳам, спортда ҳам, санъатда ҳам ўз иқтидорларини намойиш этиб келишмоқда. Истиқлол берган имкониятдан, яратилган шарт шароитлардан оқилона фойдаланаётган қизларимиз бугун нафақат шаҳримиз, балки вилоятимиз, Ватанимиз шарафини дунёга таратаётгани айни ҳақиқат. Бугун ҳам диққат билан назар ташлайдиган бўлсак, хотин-қизлар кириб бормаган, улар фаолият кўрсатмаётган бирор бир соҳа йўқ. Шаҳримиз хотин-қизларининг 1291 нафари соғлиқни сақлаш, 1535 нафари халқ таълими, 623 нафари эса ҳунармандчилик ва тадбиркорлик соҳаларида фаолият юритиш билан бирга мамлакатимиз иқтисодиётини мустаҳкамлашдек умуммиллий ишига салмоқли ҳисса қўшиб келмоқдалар. Бир сўз билан айтадиган бўлсак аёлларимиз оиладан, фарзанд тарбиясидан ортиб, халқ хўжалигининг барча тармоқларида ўз фаолликлари билан ажралиб туришибди. Уларнинг кўпчилиги масъулиятни ўз зиммаларига олиб раҳбар сифатида ҳам фаолият юритишмоқда. Шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, шаҳримизда хотин-қизлар бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилиб, 442 нафар аёлларнинг бандлиги таъминланди. Имконияти чекланган ҳамда оғир турмуш шароитидаги 8 нафар хотин-қизларга эса уй-жойлар берилди. Шу билан бирга, 5 та кичик цехлар ташкил этилиб, 30 нафар хотин-қизларнинг бандлиги таъминланди. Баҳорнинг илк байрами муносабати билан шаҳримизнинг латофатли, жонкуяр ва фидойи хотин-қизларига шуни алоҳида таъкидламоқчиманки, Сиз ҳар жабҳада илғор, ташаббускор, ибратлисиз. Биз бугун ўзининг фидокорона меҳнати, эришган улкан ютуқлари, давлат ва жамоат ишларидаги фаол иштироки, ибратли фазилатлари билан халқимиз ўртасида обрў-эътибор қозонган юзлаб опа-сингилларимизнинг ҳалол меҳнатлари учун миннатдорчилик билдирамиз, уларнинг номларини ҳурмат билан тилга оламиз. Сизларнинг самарали меҳнатларингиз Муҳтарам Юртбошимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев томонидан инобатга олиниб, 2019 йилда ўтказилган муҳим байрам шодиёналари арафасида давлатимизнинг юксак даражадаги медаль ва кўкрак нишонлари билан тақдирландингиз. Хусусан, “Шодлик” меҳрибонлик уйи тарбиячиси Гулшод Тўйева “Дўстлик” медали билан, шаҳар тиббиёт бирлашмаси терапевти Гуландон Жўраева “Шуҳрат” медали билан, Халқ депутатлари Навоий вилояти кенгаши депутати Дилнавоз Носирова “Фуқаролик жамиятини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун” кўкрак нишони билан, 7-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактаби директори Ольга Душкина “Маданият ва санъат фидокори” кўкрак нишони билан, ҳунарманд синглимиз Зиннат Муқумова “Мўътабар аёл” кўкрак нишони билан тақдирландилар. Ана шундай ҳурматли аёлларимизнинг кўпчилиги бугунги учрашувда иштирок этаётгани даврамизга янада файз бағишлаб турибди. Малакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар замирида аввало, инсон манфаатлари, турмуш фаровонлигини янада юксалтишдек эзгу мақсад мужассам. Бу каби хайрли ишларни шаҳримизнинг ҳар бир ҳудудида, маҳалласида, кўриш мумкин. Мақсадимиз Сиз аёллар тимсолида оиламиз тинч, турмушимиз фаровон, фарзандларимиз бахтли, дастурхонимиз тўкин бўлсин! Азиз ва мўътабар онахонлар, опа-сингиллар, мунис қизлар! Сўзимнинг якунида яна бир бор барчангизни 8 март — Хотин-қизлар байрами билан қизғин ва самимий табриклайман. Қалбингиздан меҳр, юзингиздан табассум, кўнгилнгиздан шукроналик туйғулари асло аримасин. Байрамингиз муборак бўлсин!